АҚШ Ўзбекистоннинг диний эркинликларни илгари суриш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади
Фото: Халқ сўзи
Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, жумладан, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) раҳбарияти, шунингдек, Institut Global Engagement (IGE) ва Хелсинки Комиссияси экспертлари билан музокаралар ўтказди.
Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясининг доимий аъзолари Эрик Уҳланд, Стивен Шнак ва Френк Вулф ҳамда USCIRFнинг бошқа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Хусусан, диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш Америка томони билан атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари алоҳида таъкидланди.
Комиссия аъзолари Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини эътироф этдилар. Улар бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга умид билдирдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун доимий ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг