АҚШ Афғонистонда эвакуация ишлари қачон якунланишини маълум қилди

16:16 20 Август 2021 Дунё
1500 0

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден америкалик ҳарбийлар август ойининг охиригача Афғонистондан ватандошларини эвакуация қилишни якунлашга улгуришига умид қилмоқда. 

Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан «CBS» телеканали эфирида маълум қилди.

Унга кўра, Байден 31 августдан кейин АҚШ фуқароларининг Афғонистонда бўлиш муддатини узайтирмоқчи эмас. Оқ уй раҳбари, мамлакатни тарк этмоқчи бўлган барча Америка фуқаролари буни вақтида амалга ошира олишларини кутишмоқда. Шу билан бирга, Салливанга кўра, ҳозир Афғонистонда бўлган америкаликларнинг аниқ сони номаълум.

Салливаннинг таъкидлашича, агар «Толибон» ҳаракати АҚШ ҳарбийларининг операцияларига тўсқинлик қилса, уларга қаттиқ жавоб беришга ваъда берди.

«Биз хавф-хатарларга эҳтиёткорлик билан қараймиз ва уларни ҳисобга оламиз, лекин биз «Толибон»га шуни маълум қилдикки, агар улар ҳар қандай америкаликнинг ўтишига тўсқинлик қилсалар, агар улар Кобул аэропортида бизнинг эвакуация операциямизга тўсқинлик қилсалар, уларга тез ва қаттиқ жавоб берилади», дейди Салливан.

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс ҳозир Кобул аэропортида олти минг одам эвакуацияни кутаётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу одамлар тез орада бортда бўлади. Прайснинг таъкидлашича, Америка самолётлари олиб чиққанлар орасида турли тоифадаги одамлар бор: баъзилари АҚШ фуқаролари, баъзилари афғонлар, баъзилари эса учинчи мамлакат фуқаролари.

15 августда Кобулга кириб келган "Толибон" Афғонистон ҳудудида тўлиқ назорат ўрнатилганини эълон қилди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер