АҚШ 300 мингдан ошиқ муҳожирни ҳозирча депортация қилмайди
Сальвадор, Гондурас, Непал ва Никарагуадан келиб, АҚШда ноқонуний юрган 300 мингдан ошиқ мигрантлар 2025 йилгача мамлакатда қолиши мумкин. Улар ҳозирча депортация қилинмайди. Байден маъмурияти уларга вақтинча рухсат бермоқда. Бу инсонлар Америкада келаси бир ярим йил мобайнида яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркаснинг айтишича, бу мамлакатларда экологик ҳалокат ва офатлардан кейин ҳаёт оғир эканини ҳисобга олиб, ҳукумат шундай тўхтамга келган. Вақтинча ҳимоя остида деган мақом Конгресс изни билан берилади ва бир ярим йилгача чўзилиши мумкин.
Ундан кейин ҳам узайтирилиши учун қонуний замин бор. 1990 йилда жорий этилган бу тартиб хавфсиз мигрантларни ҳимоя қилиш учун йўлга қўйилган. Улар АҚШ ҳукуматига ватанида яшаш таҳликали эканини исботлай олиши шарт. Бу дастур доирасида ҳозирда 16 мамлакатга шундай муҳит сифатида қаралади: Афғонистон, Камерун, Сальвадор, Эфиопия, Гаити, Гондурас, Мянма, Непал, Никарагуа, Сомали, Жанубий Судан, Судан, Украина, Венесуела ва Яман.
Доналд Трамп президентлиги даврида бу каби имкониятлар бекор қилинган эди. Лекин ўшанда ҳам федерал судлар Оқ уйнинг фармонларини четга суриб, мамлакат айрим мигрантларга очиқ, дея қарор чиқарган. Америкада қолиш муддати чўзиладиган ҳар бир мигрант муайян текширувлардан ўтиши керак бўлади. Ички хавфсизлик вазирлигига кўра, ким қолиш-қолмаслиги ҳақида муҳожирлар онлайн аниқлаши мумкин бўлади. Иммиграция тарафдорлари ҳукуматдан Америкада ҳужжатсиз яшаб юрган миллионлаб ажнабийларга шундай рухсат беришини истайди, аммо Конгресс аъзолари орасида бунга кескин қаршилар талай. Байден маъмурияти ҳам ҳамма нолегал мигрантларни кечиришни истамайди.
Вақтинча бошпана бериш қарор янги келаётганларга тааллуқли эмас. Бу янгилик 1980, 1990 ва 2010 йиллардан бери АҚШда юрганлар тақдири билан боғлиқ.
Абдували Сайбназаров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг