«Анзират буви»лар маҳалла кезади
— Мен «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоларини қирқ йилдан буён экранлардан тушмай келаётган «Суюнчи» фильмининг бош қаҳрамони Анзират бувига ўхшатаман, — дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари Азиза Пайзиева. — Анзират бувини бежиз маҳалланинг виждони дейишмаган. У борлиги туфайли қишлоққа ўғри тушмайди. Оилавий ажримлар бўлмайди. Орадан меҳр-оқибат кўтарилмайди. Кексаю ёш унинг гапларига, насиҳатларига қулоқ тутади. Бизнинг оқила аёлларимиз ҳам айнан, Анзират бувининг издошлари десам, адашмаган бўламан. Шаҳримиздаги 24 та маҳалланинг барчасида «Оқила аёллар» ҳаракати раҳбари бор. Улар ўз атрофига 15 нафардан пири бадавлат, маънавиятли, билимли, намунали оила бекалари, ибратли қайноналарни жамлаган. Айниқса, «Ибратли», «Бахт», «Шодлик», «Дўстлик», Боғи шамол» маҳалла фуқаролари йиғинларидаги «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоларининг фаолияти таҳсинга лойиқ. Жумладан, «Ибратли» маҳалласидаги «Оқила аёллар» ҳаракати раҳбари Мамлакат Бекмановани воҳамиздаги барча аёллар яхши танийди. У етакчилигидаги оқила аёллар, бувижонлар оилавий ажримларни ҳал қилиш, қайнона-келин муносабатларини яхшилашга ҳисса қўшишдан ташқари тез-тез ҳудуддаги мактаб ва турли бошқа жамоалар ҳузурига бориб, ёшларга маънавият бўйича сабоқ беради. Шунингдек, китобхонликни тарғиб қилиш, янги китоблар тақдимотларини ўтказиш, мактаб кутубхонасини янги китоблар билан бойитишга ҳисса қўшиш каби хайрли ишларга бош-қош.

— Маҳалламиздаги пири бадавлат кекса онахонларнинг барчаси «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоси, — дейди «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Норпошша Фармонова. — Чунки улар қўша-қўша келинлар тушириб, қизлар узатиб оила муқаддаслигини асраш, уни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат борасида барчага намуна бўлмоқда. Яна бир ибратли томони, қишлоқ кайвонилари қай бир хонадонга кирмасин, уларни иззат-икром билан қарши олади, панд-насиҳатларига қулоқ тутади. Ҳеч ким «Оилавий муносабатларимизга аралашманг, бу сизнинг ишингиз эмас» деган гапни айтмайди. Чунки қишлоқ хонадонларида вояга етган йигит-қизлар ота-оналари, бобо ва бувижонларидан «Бир болага етти маҳалла — ота-она» деган тамойил асосида тарбия олган. Маҳалламизнинг бошқа маҳаллаларга келин бўлиб тушган қизлари ҳам шу тартибга риоя қилади. Болалар тарбиясига ана шундай катта эътибор туфайли қишлоғимизда ўтган йиллар мобайнида бирорта ажрим қайд этилмаган. Маҳалламизда яна бир ибратли удум мавжуд. Кимнинг уйида бирор тўй-ҳашам, маърака бўлса, келинлар қайноналари бошчилигида кўмакка келади. Маҳалламиз аҳлининг чорвачилик ва деҳқончиликдан ташқари яна бир ажойиб юмуши борки, у туфайли довруғи элга достон. Аҳоли азалдан қовунқоқи тайёрлаш билан шуғулланади. Ҳамма хонадонларда қайноналар бошчилигида келинлар шу иш билан машғул бўлади. Ана шундай ҳалол меҳнат «Эр-хотин — қўш ҳўкиз» тамойили асосидаги ҳамжиҳат ҳаракат туфайли рўзғор тўкис, турмуш фаровон. Яна бир нарса билан мақтансак бўлади, бизнинг маҳалладан бир нафар ҳам аёл иш излаб, хорижга кетмаган. Маҳалламиздаги бундай ҳавас қилса арзигулик ижтимоий-маънавий муҳитнинг мустаҳкам қарор топишида, албатта, «Оқила аёллар» ҳаракатининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.
Бугун маҳалла тизимидаги ана шундай ибратли ишлар ва уларда хотин-қизларнинг бевосита иштироки ҳақида сўз юритиладиган бўлса, «Оқила аёллар» ҳаракати ҳам тилга олинади. Чунки тузилма ўз номига яраша, доимо ҳаракатда, изланишда.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги «Оқила аёллар» ҳаракатининг 4 минг нафарга яқин аъзоси оила ва хотин-қизлар тизимининг чин маънодаги кўмакчисига, воҳа аёлларининг дилдошу сирдошига айланган. Ўтган йилда ҳаракат аъзолари томонидан миллий қадриятлар, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, ёшларни Ватанга садоқатли қилиб тарбиялаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оила муқаддаслиги тушунчасини, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида кўплаб юмушлар бажарилди. Уларнинг самараси бугунги ижтимоий, маънавий ҳаётда, маҳалла тизимида, оилада ўз ифодасини топмоқда. Энг муҳими, ҳаракат аъзолари маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириб бориб, оилаларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлмоқда. Низоли ҳолатларни бартараф этишга, турли муаммоларни ҳал этиш, жумладан, оилавий ажримлар сонини камайтиришда фаол иштирок этмоқда.
Холида ПАРДАБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг