Антикоррупция агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигини энг «ёпиқ» давлат органи деб топди

13:13 13 Апрель 2026 Жамият
209 0

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил якунлари бўйича «Очиқлик индекси» натижаларини эълон қилди.

Мазкур индекс давлат органлари ва ташкилотларида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолайди. Унда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий ҳокимият органлари иштирок этди.

Баҳолаш 84 та мезонни ўз ичига олган 8 та кўрсаткич асосида, 0 дан 100 баллгача бўлган шкала бўйича ҳисобланади. Натижалар қуйидаги тоифаларга бўлинди:

«Яшил» тоифа (яхши) — 66 та ташкилот;

«Сариқ» тоифа (қониқарли) — 22 та ташкилот;

«Қизил» тоифа (қониқарсиз) — 9 та ташкилот.

Агентликнинг қайд этишича, биринчи баҳолаш даври (2022 йил) билан солиштирганда, «яшил» тоифадаги ташкилотлар сони 3,5 бараварга, «сариқ» тоифадагилар 2 бараварга ошган бўлса, «қизил» тоифадагилар сони 3 бараварга қисқарган.

Энг «очиқ» деб топилган ташкилотлар: «Ўзбекгидроэнерго», «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзавтосаноат», Транспорт назорати инспекцияси, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ва Рақамли технологиялар вазирлиги.

Энг «ёпиқ» ташкилотлар қаторида: Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон темир йўллари», Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги ва кўкаламзорлаштиришни кенгайтириш ва чўлланишга қарши курашиш агентлиги қайд этилди.

Келажакда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги очиқликни баҳолаш тизимини тизимнинг қуйи бўғинларида ҳам жорий этишни режалаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер