Андижоннинг бир сўзли йигити
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Бу йилги Олимпия ўйинлари ўзбекистонлик спортчилар учун омадли бўлди. Ҳасанбой Дўсматов иккинчи марта Олимпиада шоҳсупасига кўтарилиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Эсимда, Ҳасанбой Дўстматов 2016 йилги Олимпия ўйинларида чемпионликни қўлга киритгач, унинг Булоқбоши туманидаги хонадонида бўлиб, оила аъзолари, маҳалла аҳли билан суҳбат қургандик. Ўшанда онаси Дилнозахон Ҳайитбоева: «Мен учун боламни соғ-саломат уйга қайтгани ғалаба! Ҳар гал мусобақага борса, юрак ҳовучлаб ўтираман. Жуссаси кичкина бўлгани учунми, хавотир олавераман. Бу сафар ҳам ғалабасини телевизор орқали кузатгани юрагим дов бермади. Тинмай дуо қилдим, уйга эсон-омон, ёруғ юз билан қайтишини Яратгандан тиладим», деган эди.
Бу гал она, гарчи ўғлининг ғалабасига катта ишонч билан қараган бўлсада, барибир ҳаяжонини енголмади. Ҳасанбойнинг ҳовлиси жойлашган кўчаю, хонадонига ўрнатилган катта экран қаршисида жамланган юзлаб ҳамюртларимиз бир тараф бўлди, онаси бир тараф бўлди. У бир жойда тура олмас, лаблари пичирлаб Ҳасанбойни дуо қиларди.
— Ўзи журналистлар интервью олишини кутгандим, — дейди Дилнозахон Ҳайитбоева. — Сабаби, ўғлим ғалаба қозонса, республикамизда спортчиларга қулай шароит яратиб бергани учун Президентимизга раҳмат айтишни ният қилгандим. Айниқса, ёшларга ғамхўрлик ҳар доимгидан ортди. Олимпия ўйинларида неча нафар ҳамюртларимиз ғалаба қозонган бўлса, буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ёшларга, спортга бўлган эътибори натижасидир. Тўғриси, шу пайтгача Ҳасанбойнинг ўйинларини кузатмаган эдим. Бу гал вилоят ҳокими, маҳалла аҳли даврасида ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим. Боламнинг рақиби мезбон эканлигини билгач, барибир ҳаяжоним ортди. Бироқ ўғлим Олимпиадага йўл олар экан, мен албатта ғалаба билан қайтаман, деган ваъдасига ишониб, ўзимга таскин бердим. Унинг бу сафар ҳам чемпион бўлишига ишонардим. Сабаби, ўғлим шу пайтгача берган ваъдасининг устидан чиқмай қўймаган.
Чемпионнинг дадаси Маъруфжон Ҳайитбоевнинг айтишича, Ҳасанбой болалигида ҳам ҳозиргидек чаққон, эпчил, ҳаракатчан ва бир сўзли бўлган. Бир ишни қиламан, дедими, охирига етмаганига қўймаган. Бир қарасангиз, ўмбалоқ ошаётган, яна бир қарасангиз дарахтга осилаётган бўларди. Ундаги бу ҳаракатларни кузатган ота-она фарзандини маҳаллада жойлашган мактабдаги спорт тўгарагига олиб боришди. Бу ерда у спортнинг каратэ тури билан шуғуллана бошлади. Ўшанда атиги беш ёшда эди. Кейинчалик кикбоксинг машғулотига қатнайди. Ҳасанбой 6-синфда ўқиётганида мураббий унинг отасини чақиртириб, фарзандингизни катта спортга жалб қилмасангиз бўлмайди, биз неники билсак, ҳаммасини ўргатдик, деди.
Шундан сўнг Ҳасанбойни отаси Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари спорт коллежи бокс тўгарагига олиб борди. Шу йили республика биринчилиги учун мусобақада ғолиб бўлиб, тенгдошлари орасида чемпионликни қўлга киритди. Кейин Осиё чемпионига айланди. Шундан буён у чемпионликни қўлдан бермасликка ҳаракат қилиб келмоқда.
Ҳасанбойнинг бу галги ўйинини мамлакатимизнинг барча аҳолиси катта ҳаяжон билан кузатди. «Ҳасанбой ўғлим, мен товушингни эшитганимдан хурсандман, — деди давлатимиз раҳбари Ҳасанбой Дўсматов билан телефон орқали мулоқот қиларкан. — Эсингда бўлса, февраль ойида Андижонда спорт мажмуасида кўришганимизда менга бир гапни ишонч билан айтгандинг. «Мен албатта, халқимизга Олимпиада медалини олиб келаман!» деб ваъда берган эдинг. Ўзбек йигити, Янги Ўзбекистоннинг ёшлари нимага қодир эканлигини, сўзи битта, ғурури ва ори барча нарсадан устун эканлигини рингда яна бир марта исботладинг.»
Дарҳақиқат, Ҳасанбой Дўсматовнинг бу галги ўйинини ҳамюртларимиз, шу жумладан, Президентимиз ҳаяжон билан кузатди.
Аслида фарзандлар қобилиятсиз туғилмайди. Улардаги истеъдодни атрофидагилар кўра билиши ва тўғри йўналтира олиши керак. Шундагина ҳар бир бошлаган иши муваффақиятли бўлади. Бунга Ҳасанбой Дўсматов мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг