Андижонда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

17:44 15 Март 2026 Жамият
122 0

Видеодан кадр

Андижон шаҳрида одамларни дўппослаб, кўча безорилиги билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 март куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолияти фош этилган.

Мазкур жиноий гуруҳ етакчиси сифатида Асака туманида туғилган 31 ёшли Исмоилов Муҳаммадумар Бахтиёр ўғли кўрсатилган. Лақаби – «Умар». Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-(безорилик), 110-(қийнаш), 112-(ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 137-(одам ўғирлаш) моддалари билан судланган.

Унинг жиноий шериги – Избоскан туманида туғилган 33 ёшли Эргашев Элмурод Бегижон ўғли. Лақаби «Элмиш». У муқаддам Жиноят кодексининг 104-(қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 166-(талончилик), 168-(фирибгарлик), 266-(транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 277-моддалари (безорилик) билан судланган.

Маълум бўлишича, улар Андижон шаҳрида жойлашган кафеда моддий манфаат эвазига фуқаролар ўртасидаги мулкий масалаларни гўё «кўча ечими» тарзида ҳал қилиб, безорилик ҳаракатларини содир этиб келган.

Хусусан, жорий йилнинг 23 февраль куни Муҳаммадумар Исмоилов ўзининг таниши Элмурод Эргашев билан мазкур кафега келиб, кафе ходимларини ҳақорат қилган ва 2007 йилда туғилган йигитни уриб, унга қасддан тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўзларига аввалдан таниш бўлган, 1992 йилда Андижон шаҳрида туғилган эркакни ҳам кафега чақириб, у билан жанжал келтириб чиқарган. Уни кафе ичидаги хоналардан бирига олиб кириб, у ерда ҳам дўппослаб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер