Андижонда яна ер чўкди...

08:55 02 Апрель 2026 Жамият
128 0

Андижон шаҳридаги Бобур шох кўчасида ер чўкди. Ваҳоланки, бундан атиги бир кун аввал бундай ҳолат Фаробий номли МФЙда ҳам кузатилган эди. Ҳар иккала ҳолат вилоят марказидаги автомобиллар ҳаракатланадиган асосий кўчаларда содир бўлганлиги андижонликларни ташвишга солди. Хўш, ўзи нима гап?

“Андижон сув таъминоти” АЖ масъулларининг хабар қилишларича, ҳар иккала ҳолат марказий оқова сув қувури билан боғлиқ бўлиб, тармоқнинг эскириши носозликка сабаб бўлган. Бу эса ер чўкишига олиб келган. Айтиш жоиз, бу қувурлар бундан 56 йил муқаддам тортилган. Аслида улар яхши ҳолатда 80-100 йил давомида хизмат қилиши керак. Бироқ, ташқи ва ички таъсир кучлари натижасида 30-40 йилда яроқлилик муддати тугаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Воқеа содир бўлган жойда қувурга ички таъсир кучлари билан бир қаторда серқатнов йўлдаги автомобиллар ҳаракати ҳам салбий таъсир қилмоқда. Бу йўлдан бир кунда ўртача 120 мингдан 180 мингтагача автомобиллар ҳаракатланишини ҳисобга олсак, носозликнинг юзага келиш сабабларини тушуниш янада осонроқ бўлади.

Хўп, носозлик юзага келди. Уни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу жараён қанча вақт давом этади? Ана шу савол билан масъулларга юзландик.

-Ҳозирда “Андижон сув таъминоти” АЖнинг энг тажрибали мутахассислари ва замонавий техник воситалари таъмирлаш ишларига жалб этилган,-дейди акциядорлик жамияти бош муҳандиси Хумоюнжон Алимов. -Одатда бу каби носозликлар ўртача ўн кунни қамраб олади. Боиси, қувурнинг диаметри 600 мм.дан иборат бўлиб, носозлик ҳажми ҳам катта. Шундай бўлишига қарамай, барча имкониятларни ишга солган ҳолда 6 кун муддат ичида муаммонинг ижобий ечимини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Айни пайтда вилоятдаги мавжуд оқова сув тармоғи 422 км.дан иборат бўлиб, шундан 16 км. қисмини янгилаш зарурати мавжуд. Ҳозирда бу муаммонинг ижобий ечимини таъминлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу ишда айниқса, хорижлик ҳамкорлар ҳам истиқболли лойиҳалари билан иштирок этаётгани эътиборли, албатта. Уларнинг амалга оширилиши ортидан бугунги кунда юзага келаётган муаммоларни ҳам бартараф этиш имконияти яратилади.

Саминжон ҲУСАНОВ, ”Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер