Андижонда ўқитувчилар мактабни таъмирлашга жалб қилинди
Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчилари мактабни таъмирлаш ишларига жалб қилингани тасвирланган видеолар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда мазкур ҳолат вазирлик томонидан қатъий назоратга олинган ҳамда атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунида педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланиши аниқ кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, уларни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
«Шу нуқтаи назардан юқоридаги ҳолатга сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилиши таъминланади», дейилади хабарда.
Вазирлик шунингдек, ижтимоий тармоқ фаолларидан битта мактабдаги ҳолатни умумий вазият сифатида баҳоламасликни сўраган.
Масала ўқитувчиларнинг қадр-қиммати билан боғлиқлиги сабабли, ҳолатга Андижон вилояти ҳокимлиги ҳам муносабат билдириб, вазият вилоят ҳокими томонидан алоҳида назоратга олинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, вилоят ҳокимлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, холис ва атрофлича ўрганиш ишлари бошланган. Ҳокимлик ушбу ҳолат ҳозирда ўрганишда бўлгани сабаб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогер ҳамда ОАВ вакилларидан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраган.
Қўшимча қилинишича, ўрганиш якунлари бўйича батафсил маълумот тақдим этилади ва ҳолатга йўл қўйган масъулларга қатъий чоралар кўрилади.
«Вилоят ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — таълим бериш, тарбиялаш ва келажак авлодни шакллантиришдан иборатлиги юзасидан билдирилган фикрларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўқитувчиларни таълимдан ташқари ишларга жалб қилишни мутлақо ноқонуний ҳисобланишини билдиради», дейилади ҳокимлик муносабатида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг