Андижонда чигит экиш мавсуми бошланди
Андижон вилоятида баҳор фасли айнан Бўстон туманидан бошланади. Бунга у ҳудуднинг жанубий қисмида жойлашганлиги сабаб. Шу боис деҳқончилик ишларига ҳам илк бор шу манзилдан киришилади. Мисол учун, айни пайтда «Ўзбекистон» массивида чигит экиш ишлари олиб борилмоқда.
— Бу йил туманимиз пахтакорлари 4 минг гектар майдонда саноат хом ашёси етиштиришга киришган, — дейди туман ҳокими Санобархон Носирова. — Ажратилган ер майдонларига тўлиқ хорижий ғўза навлари экилаётгани эътиборли. Шунингдек, 100 гектар майдонда Ҳиндистондан келтирилган янги нав синов тариқасида экиб кўрилмоқда. Чигит экиш ишлари замонавий агротехнологиялар асосида, плёнка остига экиш орқали амалга оширилмоқда. Бу усул намликни сақлаш, ер ҳароратини барқарорлаштириш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда Андижон вилояти бўйича 60 минг гектар майдонда ғўза парвариши режалаштирилган. Шундан 48 минг гектарига хорижий, 12 минг гектарига эса маҳаллий навлар экилади. Мутасаддилар томонидан 313 минг тонна пахта ҳосилини йиғиб олиш мақсад қилинган.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг