Андижонда айиқ ҳамласи туфайли бир одам ўлгани ростми?
Фото: Халқ сўзи
Ижтимоий тармоқларда андижонлик фуқаро айиқ ҳамласи туфайли оламдан ўтганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.
«2023 йил 3 январь куни соат 16:00 ларда Хўжаобод тумани «Мустақилликнинг 27 йиллиги» МФЙ ҳудудида жойлашган «Усмонобод Файзи» МЧЖга қарашли «Андижон ҳайвонот боғи» ишчиси А. Г. шу ерда сақланаётган ёввойи айиқ ҳайвонига озуқа бериш мақсадида унинг қафасига кирган вақтида айиқ унга ташланиб, бўйин қисмидан тишлаб олиши оқибатида оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган», дея изоҳ беради Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати ўз муносабатида.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Кези келганда айтиш жоизки, бу ушбу ҳайвонот боғида ҳайвонлар томонидан ишчиларга нисбатан қўлланилган биринчи ҳамла эмас. 2018 йилнинг 30 декабрь куни соат 20:50 ларда ҳам айнан мана шу ҳайвонот боғида қоровул бўлиб ишлаган, Хўжаобод туманидаги «Кўприкбоши» МФЙда яшовчи 45 ёшли Х. А. емиш бериш мақсадида қафасга кирган пайтида «Симба» лақабли шер унинг чап оёғи сон қисмидан тишлаб, кучли тан жароҳати етказган. Натижада ишчи вафот этган эди. Бу каби ҳолатнинг такрорланиши боғ маъмурияти томонидан ишчиларнинг фаолият юритишга доир ҳаракатларини тартибга солиш, йиртқич ҳайвонлар билан муомала қилиш тартибларини ўргатиш, умуман олганда, жонзотларни овқатлантириш ҳаракатлари бу борада етарли маълумот ва кўникмага эга масъуллар томонидан амалга оширилишини назорат қилиш муҳимлигидан далолатдир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг