Андижон халқаро ҳамкорлик майдонида

15:54 06 Апрель 2026 Жамият
182 0

Андижон вилояти бугун 45 та хорижий давлат элчилари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларини қабул қилди. Бу унинг ташқи дунё билан очиқ мулоқотга тайёрлиги ва халқаро ҳамкорликка бўлган интилишини яққол намоён этади. Мазкур ташрифнинг асосий мақсади элчиларни Андижонда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар ва инвестицион муҳит билан яқиндан таништиришдан иборат.

— Бугунги ташриф Андижоннинг салоҳиятини халқаро ҳамжамиятга бевосита намоён этиш имконини беради, — дейди вилоят ҳокимлиги ходими Рустамжон Эшонов. — Вилоятимизда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Элчиларнинг бевосита келиб кўриши эса бу жараёнларнинг очиқ ва шаффоф эканини кўрсатади, шу билан бирга, янги инвестицион ҳамкорликлар учун мустаҳкам замин яратади.

Делегация аъзолари ташриф давомида замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, инновацион лойиҳалар ҳамда ижтимоий инфратузилма объектлари билан танишиши режалаштирилган. Бу каби учрашувлар нафақат мавжуд ютуқларни намойиш этиш, балки янги истиқболли лойиҳалар учун ҳамкорлар топиш имконини ҳам кенгайтиради. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ташриф келгусида Андижон вилоятининг жаҳон майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаб, халқаро алоқалар доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер