Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги: Янги Ўзбекистонда буюк давлатчилик меросига юксак эҳтиром

21:23 16 Апрель 2026 Сиёсат
202 0

Бу йил мамлакатимизда буюк давлат арбоби, маҳоратли саркарда ва илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу муҳим сана давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий ва халқаро даражада юксак савияда нишонланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги «Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги ишларга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ юртимизда Амир Темурнинг бой илмий, маънавий ва маданий меросини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлод онгига сингдиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида жойлашган Темурийлар тарихи давлат музейининг қисқа муддатда капитал таъмирдан чиқарилиши, Амир Темур ҳайкали атрофидаги хиёбонда амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари, шунингдек, тарихий шахс сиймосини очиб берувчи бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилиши ушбу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунасидир.

Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирларда Олий Мажлис Сенати аъзолари, олимлар ва жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда. Жумладан, аҳоли билан учрашувларда Амир Темурнинг давлатчилик анъаналарини шакллантиришдаги беқиёс ўрни, унинг бошқарув тамойиллари ва стратегик фикрлаш маданияти батафсил тушунтирилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий ва халқаро миқёсда ўтказилаётган илмий-амалий анжуманлар доирасида Амир Темур мероси замонавий давлат бошқаруви нуқтаи назаридан қайта таҳлил қилинмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти билан ҳамкорликда «Амир Темурнинг ҳаётий сабоқлари: муваффақият ва куч-қудрат манбаи» мавзусидаги илмий-амалий конференция юқори савияда ташкил этилди.

Анжуманда Амир Темур ва темурийлар даврида давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, солиқ тизимини такомиллаштириш ҳамда илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар атрофлича ёритилди. Ушбу тарихий тажриба бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётида, жумладан парламентаризм ва қонун ижодкорлиги жараёнларида муҳим назарий ва амалий манба сифатида хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Айниқса, «Темур тузуклари»да ифодаланган адолат, инсоф, интизом ва масъулият тамойиллари бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш, маҳаллий бошқарувни ривожлантириш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларда долзарб аҳамият касб этди.

Халқаро миқёсда ҳам Амир Темур шахси ва унинг давлатчилик меросига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Қатор хорижий давлатларда илмий конференциялар, кўргазмалар ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу эса Амир Темурнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ва нуфузи янада юксак эътироф этилаётганидан далолат беради.

Бугунги Янги Ўзбекистонда Амир Темур нафақат тарихий шахс, балки кучли давлатчилик, адолатли бошқарув ва миллий ғурур рамзи сифатида қадрланмоқда. Унинг бой мероси халқимиз маънавий ҳаётида, давлат бошқаруви тизимида ҳамда ёш авлод тарбиясида мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Мазкур юбилей тадбирлари буюк аждодимиз хотирасини улуғлаш, унинг меросини чуқур ўрганиш ва уни замонавий тараққиётга уйғунлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер