Амир Темур таваллуд топган кун у барпо этган салтанат пойтахтида ҳам кенг нишонланмоқда
9 апрель куни халқимизнинг буюк тарихий сиймоларидан бири — Амир Темур таваллуд топган кун. Мазкур сана Соҳибқирон салтанатининг пойтахти ҳисобланган Самарқанд шаҳрида ҳам кенг нишонланди. Дастлаб Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловат қилиниб, улуғ аждодимиз хотираси ёд этилди. Маросимда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва нуронийлар иштирок этдилар.
Шундан сўнг иштирокчилар Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромларини намоён этдилар. Тадбирлар давомида Амир Темурнинг бой тарихий мероси, давлат бошқарувидаги ўрни ҳамда илм-фан ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган “Амир Темур ойлиги” доирасида Самарқанд вилоятида ҳам кенг кўламли илмий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Самарқанд давлат педагогика институтида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Германия ва Хитойдаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференция давомида иштирокчилар буюк жаҳонгирнинг фаолияти, кучли марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги ҳарбий салоҳияти, сиёсий ва иқтисодий тафаккури ҳақида маърузалар қилди. Самарқанд ва бошқа шаҳарларда бунёд этилган мадрасалар, бу муассасаларда ўз даврининг етук олимлари сабоқ бергани, Соҳибқирон дунёнинг турли ўлкаларидан нафақат уста ва ҳунармандлар, балки илм аҳлини ҳам ўз мамлакатига чорлаб уларни қўллаб-қувватлагани ҳақида тарихий манбалар асосида сўз юритилди.
Анжуман якунида Темурийлар даври меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий таълим тизимига интеграция қилиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш юзасидан тавиялар ишлаб чиқилди.

Ушбу сана муносабати билан вилоятнинг барча таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва анжуманлар давом этмоқда.
Соҳибқирон сиймоси бугунги кунда ҳам миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг