Амир Абдулахадхон қурган саройдан бошпана топган фуқаролар йиғини учун янги бино қурилди

16:48 25 Апрель 2022 Жамият
813 0

Фото: Халқ сўзи

Бундан 25 йил муқаддам фаолият кўрсатишга киришган «Ситораи Мохи Хосса» маҳалла фуқаролар йиғини ниҳоят ўз биносига эга бўлди. Бухоро амирларининг ёзги саройи саналган Ситораи Мохи Хосса мажмуасининг икки хонадан иборат қисми шу пайтга қадар йиғин учун бошпана вазифасини ўтаб келаётганди.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, бу Амир Абдулахадхон томонидан қурдирилган сарой таркибидаги иншоот саналади.

Маҳалланинг янги биноси маҳаллий бюджет маблағи эвазига барпо қилинди.Олти хонадан иборат масканда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва бошқа ходимларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур барча қулайликлар яратилган. Қолаверса, чорак аср давомида ҳудудда аҳоли сони бир неча баравар ошди. Мурожаатчилар кўпайди. Аввалги жой уларга ҳам ноқулайликлар туғдираётганди.

Амир Абдулахадхон (1859- 1910 й.) томонидан барпо этилган саройга келсак, ҳозир унинг эшигига қулф осиқ эканини кўриш мумкин. Тарихий маскан «Ситораи Мохи Хосса» музейи ихтиёрига берилса ва тарихий экспонатлар билан жиҳозланса, халқимиз ўтмишидан ҳикоя қилувчи гўша мазмунан янада бойиган бўлур эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер