Алишер Навоий ва қозоқ адабиёти
Иллюстратив фото
ХIХ асрнинг иккинчи яримида яшаган қозоқ халқининг донишманд шоири Абай Қунонбоев Шарқ шоирлари ижодини севиб ўқиб, улардан ўрнак олган буюк ижодкорлардандир. Масалан, Семипалатинск шаҳридаги Аҳмад Ризо мадрасасида ўқиб юрган чоғидаёқ у Шарқ шоирлари ижодини, шу жумладан Алишер Навоий асарларини қунт билан ўқиб ўрганишга алоҳида аҳамият берган. Ҳатто, араб, эрон, эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган эртак, ҳикоя ва достонларни севиб мутолаа қила бошлайди.
Айниқса, Шарқнинг буюк нaмояндаларидан бўлмиш - Фирдавсий, Низомий, Ҳафиз, Сағди, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Физулий каби буюк сиймолар асарларидан баҳраманд бўлади. Шунинг учун ҳам у 1858 йили 14 ёшида ёзган шеърида:
Фузулий, Шамсий, Сайқалий,
Навоий, Саъдий, Фирдавсий.
Хўжа Ҳофиз – бу ҳаммаси,
Мадат бер, я шаҳри, фариёд.
- деб, уларни ўзига устоз сифатида тан олиши билан бир қаторда шоирлик йўлида мададкор бўлишини, қўллаб-қувватлашини, йўл кўрсатишини чин дилдан изҳор этади.
Алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, юқорида қайд этилган мисралар шунчаки ҳавас, ёшлик туйғулари билан айтилган гапларгина эмас, балки улуғ демократ шоирнинг Шарқ классикларига нисбатан эътиқодининг ёрқин ифодаси ҳамдир.
— ХIХ асрдаги қозоқ адабиётининг Абай, Шангерей, Шаади, Шортанбой, Ақан каби йирик шоирларни олсак, уларнинг ҳаммасида ҳам Алишер Навоий ғазалларининг, достонларининг таъсирини кўрамиз, – дейди машҳур олим, қалам соҳиби, академик Мухтор Авезов. — Абайга тиллари тушунарли бўлганлигидан Навоий, Физулий асарлари кўп таъсир этган. Айниқса Абай Алишер Навоийни ўзига энг яқин устоз деб билади ва унинг асарларидан ўрнак олади.
Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг баъзи бир ғазаллари билан лирик шеърларини Абай Қунонбоевнинг лирикалари билан ўзаро таққосланса, унда Абай ижодидаги яқинлик, ҳамоҳанглик сирларини аниқ англаш имконига мушарраф бўламиз. Масалан, Абайнинг «Юзи равшан», «Ҳор бўлди жоним», «Кўзимнинг қораси», «Ўлан – сўзнинг подшоси» каби шеърлари, буюк гуманист шоир Алишер Навоийнинг «Чор девон»идаги ғазаллари, ишқий муҳаббат ҳақидаги лирик шеърий асарларига ўхшаш ва мос келадиган томонлари кўрамиз.
Шунингдек, Абай ўзининг «Искандар», «Маъсуд», «Азим ҳикояси» каби бадиий жиҳатдан етук достонларини яратишда ҳам Шарқ шоирлари, шу жумладан Низомий ва Навоий достонларига ижодий ёндашганлиги аниқ кўзга ташланади. Аммо, «Искандар» достонини яратишда Абайнинг тарихий ва афсонавий Искандарга бошқачароқ ёндашувнинг шоҳиди бўламиз. Бу асар кўпгина Шарқ шоирлари куйлаган Искандарнинг ўзигина эмас, балки бу Абайнинг ижодий маҳсулидир. Чунки Абай ўз достонида Искандарни эл-юртни талон-тарож этувчи, шафқатсиз, босқинчи шоҳ сифатида тасвирлаб, уни танқид остига олади. Шундай экан, Алишер Навоий яратган Искандар билан Абай яратган Искандар образлари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Лекин, ана шундай бўлса ҳам, ҳар иккала достоннинг ғоявий мотивлари ўртасида анчагина яқинликлар ва ўхшашликлар мавжуддир. Абай ҳам «Искандар» достонида Алишер Навоий каби одамийликни, адолатни, яхшиликни ҳамма нарсадан устун қўйиб, уни алоҳида илҳом билан куйлайди. Ёмонлик, адолатсизлик, шафқатсизлик, зулмга нафрат билан қарайди ва уларни танқид остига олади.
Алишер Навоий ўзининг «Садий Искандарий» достонида фалсафий, ахлоқий масалалар билан таълим-тарбия масаласига алоҳида аҳамият бериб, Арасту (Аристотел), Афлотун (Платон) каби улуғ мутафаккирларнинг образларини ёрқин гавдалантирган бўлсалар, Абай ҳам ўзининг «Искандар» достонида Аристотел қиёфасини моҳирлик билан тараннум этади.
Ажойиб истеъдод соҳиби Мухтор Авезов берган маълумотларга кўра, Абай ўзининг катта ўғли Оқилбойга Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонининг сюжети асосида «Жарроҳ» номли достон ёзишни топширган. Аммо, у достон ёзилдими ёки ёзилмадими, бу ҳақида шу кунга қадар биронта маълумотга берилмаган. Абай қардош ва ёндош, қозоқлар билан аралаш ҳаёт кечираётган ўзбеклар ҳақида фикрларини билдирар екан.
— Ўзбеклар экмаган экин, улар олмаган ҳосил, савдогарлари бормаган ер, хуллас, улар қўлидан келмаган иш йўқ, - дея таърифлайди, — Моҳирлик, зийраклик, одоб ва сиполик ҳам шуларда.
Шоирнинг юқорида номлари қайд этилган шеърлари кўп жиҳатдан Алишер Навоийнинг «Девони Фоний» асарига ўхшаш ва мос келадиган томонлари анчагина. Уларда соф инсонийлик, самимий севги алоҳида ардоқланиш билан бир қаторда поклик, ҳалоллик каби инсоннинг энг буюк эзгу фазилатлари зўр маҳорат билан мадҳ этилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ХХ асрнинг бошларида яшаб ижод қилган ғоят истеъдодли қозоқ шоири Султонмаҳмуд Тўрайғировнинг «Адашган ҳаёт» поэмаси буюк шоир Алишер Навоийнинг «Хазойин – ул – маоний» («Маънолар хазинаси») асарига ўхшаб кетадиган томонлари анчагина. Масалан, Алишер Навоий асарида ўз умрини йилнинг тўрт фаслига қиёслаб, «Ёшлик», «Йигитлик», «Ўрта ёшлик», «Кексалик» каби даврларга бўлиб тасвирласа, Султонмаҳмуд Тўрайғиров ҳам «Адашган хаёт» поэмасида ўз умрини «Мен бола», «Мен йигит», «Мен тўхтадим» («Ўрта ёшлик»), «Мен кекса» каби даврларга бўлиб-бўлиб тараннум этади. Ҳар икки асардаги яна бир ўхшашлик томони шундан иборатки, «Хазойин – ул – маоний»нинг бош қаҳрамони Алишер Навоий бўлиб гавдаланса, «Адашган ҳаёт» поэмасининг бош қаҳрамони ҳам шоирнинг ўзи Султонмаҳмуд Тўрайғиров бўлиб тараннум этилади.
Демак, қозоқ халқининг ажойиб шоири Султонмаҳмуд Тўрайғиров ҳам буюк гуманист шоир Алишер Навоий ижоди билан яқиндан таниш бўлган ва унинг ажойиб дурдоналаридан илҳомланган, буюк шоир асарларини мароқ билан севиб ўқиган десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки, машҳур қозоқ адиби, академик Мухтор Авезов: “...Фирдавсий, Навоий қозоқлар учун ўз классиклари ҳисобланади» деганида мутлақо ҳақлидир.
Хуллас, доимо ёнма-ён яшаб, аралаш ҳаёт кечириб келаётган ўзбек ва қозоқ халқлари, унинг буюк вакиллари, ажойиб алломаю ижодкорлари, бир-бири билан узвий алоқада бўлиб, улар бир-бирини алоҳида қадрлаб, ҳурмат қилган. Бу борада Мухтор Авезов билан Ойбек, Ғофур Ғулом билан Собит Муқонов, Абдулла Тожибоев билан Миртемир, Зулфияхоним билан Турсунхон Абдурахманова, Мухамеджон Қоратаев билан Иззат Султон, Одил Яқубов билан Қалтай Мухамеджанов, Жубан Мўлдағалиев билан Назармат ўрталарида бўлган самимий дўстлик алоқаларини алоҳида тилга оламиз.
Қалдибек СEЙДАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Турон Фанлар академияси ва
Қозоғистон Республикаси Гуманитар Фанлар академияси академиги, профессор.
Серикбой УСEНОВ,
Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг