Ахборот хизматларининг фаолияти талаб даражасидами?

11:48 25 Ноябрь 2019 Жамият
1193 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти бўлими томонидан Қумқўрғон туманида “Ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш – очиқлик ва ошкораликнинг бош мезони” мавзуида кўргазмали ўқув-семинар ўтказилди. Унда шаҳар ва туманлар ҳокимлиги ахборот хизматлари раҳбарлари, маҳаллий ва марказий ОАВ вакиллари иштирок этди.

Хўш, бугун фуқароларимизнинг ахборот олиш ҳуқуқлари таъминланяптими? Бошқарув идоралари, маҳаллий ҳокимликларнинг ахборот хизматлари ОАВ билан қай даражада ҳамкорлик қилмоқда? Жамият ҳаётидаги ислоҳотлар, туб ўзгаришлардан кенг аҳоли қатлами хабардорми? Медиа макондаги янги талабларга ахборот хизматлари фаолияти мосми? Ижтимоий тармоқлар орқали ҳокимлик ва бошқарув идораларига йўлланаётган мурожаатлари ўз ечимини топяптими? Ўқув-семинарда шу каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди.

Айштиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги фаолиятни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Биргина Сурхондарё вилоятида 15 та маҳаллий ҳокимлик ҳамда 23 давлат ва жамоат ташкилотида ахборот хизмати ташкил этилди. Ҳудудлар ва тизимдаги иш-фаолият ҳақида жамоатчиликни тезкор хабардор этиш, ОАВ ва аҳоли қатлами билан ахборот алмашиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги имкониятлар юзага келяпти.

Тадбир иштирокчилари Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати фаолияти билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлишди. Бугун ахборот хизмати самарали фаолият олиб бориши учун қандай шароитларга эга бўлиши керак, деган саволга шу ерда жавоб топиш мумкин. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган ахборот хизмати ҳокимлик фаолияти, ҳудуддаги энг муҳим янгиликлар ҳақида тезкор хабарларни жамоатчиликка етказишни ўз зиммасига олган. Айни мақсадда электрон, ижтимоий тармоқлар ва босма нашрлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

- Медиа макондаги бугунги ўзгаришлар ОАВ ҳамда ахборот хизматлари олдига янги талабларни қўймоқда, - дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бўлими раҳбари С. Саломов. – Фуқароларимизнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, воқеликлар ҳақида аниқ ва холис, тезкор маълумотларни тақдим этишда ахборот хизматлари анча фаол бўлишлари лозим. Зеро, бугун одамларимизнинг зеҳнияти, дунёқараши анча кенгайган. Улар жамиятдаги ҳар бир воқеа-ҳодисага бефарқ эмас. Шундай экан, ахборот хизмаалари фаолияти янги давр талабларига мос бўлиши, ахборот алмашинуви жараёнида муҳим кўприк вазифасини ўташи даркор.

Ўқув-семинар давомида “Ахборот хизмати: янг яхши амалиёт намуналари”, “Телевидение: кеча ва бугун”, шунингдек, босма нашрларда анъанавий ва янгича ёндашувлар, интернет журналистикасининг илғор амалиётлари ҳақида маърузалар тингланди, интерфаол ўйин, баҳс-мунозаралар уюштирилди.

Илҳом Раҳматов,
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер