АI-80 бензинини сотмасдан сақлаб турган «заправка»ларга чора кўрилди
Фото: «Ўзенергоинспекция»
АI-80 бензинини сотмасдан сақлаб турган АЁҚШларларга биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва уларни сотувга чиқарилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор АЁҚШларда қоидабузарликлар аниқланган.
Хусусан, Бухоро тумани Шергирон МФЙда жойлашган «Э.Н.М.» МЧЖга қарашли АЙҚШ ўрганилганда, 2024 йилнинг октябрь ойи бошида фаолияти тўхтатилганига қарамай, 10, 16, 18 октябрь кунлари давомида жами 11,3 тонна АI-80 автобензини биржа орқали харид қилиниб, шохобчага туширилмаган ва харидорларга сотилмагани аниқланган.
Бу каби ҳолат Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Д.О.П.» МЧЖга қарашли шохобчада ҳам кузатилган. 19 931 литр миқдоридаги АI-80 бензини асоссиз сақлаб турилгани ҳамда 20 та 10 литрлик ностандарт елим идишларда жами 200 литр бензин шохобча ҳудудида сақланаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, Хоразм вилояти Боғот туманидаги 5 та АЙҚШда, яъни «С.О.757» МЧЖ, «О.Х.» МЧЖ , «Б.О.Х.» МЧЖлар ҳамда «С.» ва «Ш.» хусусий корхоналарга қарашли АЁҚШларда АI-80 автобензин нархи асоссиз оширилган ҳолда сотилаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг