Аҳвол қандай, собиқ маҳбус?!

19:23 20 Февраль 2019 Жамият
2018 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Аввало, ҳеч ким жиноят содир этмасин. Афсуски, турли сабаблар билан қонунга хилоф иш қилган юртдошларимиз ҳам бор. Уларга одил суд томонидан муносиб жазо тайинланмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.

Хўп, жиноят содир этган фуқаро жазога маҳкум қилинди ва жазосини ўтаб қайтди ҳам дейлик. Кейин нима бўлади? Бир умр қилмиши учун бошини эгиб юриши керакми? Ваҳолонки, жазо муддатини ўтаб қайтган экан, демак, ҳаётдаги, жамиятдаги ўрнини топиши, аввалги қилмишини муносиб хулқ-атвори билан оқлаши керак. Бунинг учун атрофдагилар яқиндан кўмак бермоқлари мақсадга мувофиқдир.

Ана шундай юртдошларимиздан бири Иззатилло Насриддинов Андижон туманида яшайди. Билиб-билмай ноқонуний диний оқимга қўшилиб қолди. Қилмишини оқлаб бўлмайди, бироқ айбига иқрор бўлиб, жазо муддатини ўтаб қайтди. Энди фаол турмуш тарзига эга бўлиш, оиласи ҳамда ўз шаънини ҳалол меҳнати билан оқлаш илинжида.

Андижон вилоятидаги судлар раислари иштирокида бўлиб ўтган сайёр қабулда унинг мурожаати ўрганиб чиқилди ва мебелсозлик фаолиятини давом эттириш учун кредит маблағи билан таъминланишида ёрдам берилди.

— Ноўрин хатти-ҳаракатим туфайли жазога тортилдим, — дейди избосканлик Ойнисо Муҳиддинова. — Айбимга тўла иқрор бўлдим, афсусландим. Озодликка чиққач, албатта, таълим оламан, етук инсон бўламан, дея аҳд қилдим. Сайёр қабул давомида фикримни тинглаган суд раислари менга амалий ёрдам бериб, олий таълим олишга тайёргарлик кўришим учун имконият яратиб беришди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги вазифалар ижроси доирасида ўтказилган мулоқотда муқаддам судланганлар, тақиқланган диний оқимлар аъзолари сифатида жазони ўтаб қайтган шахсларнинг ҳам турли масалалар юзасидан қилган мурожаатлари кўриб чиқилди, — дейди жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судининг судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов. — Натижада биргина Андижон туманида бўлиб ўтган сайёр қабул давомида ўнлаб фуқароларга ёрдам кўрсатилди. Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этяпти.

Хатони ҳамма содир этиши мумкин, бироқ айбини тан олиб, қилмишини ҳалол меҳнати билан оқлашни ихтиёр этмоқ ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шундай экан, бу тоифа инсонларга елкадош бўлиш бурчимиздир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер