Аҳолини иш билан таъминлашда таъсирчан парламент назорати ўрнатилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан парламент назоратининг самарадорлигини ошириш юзасидан қўшма қарори қабул қилинди.
Мамлакатимизда ишсиз фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигига эришиш ҳамда уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, норасмий бандликни камайтириш бўйича янги таъсирчан механизмлар жорий қилиниши натижасида 2022 йил давомида доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда жами 6 миллион нафардан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланган.
Жумладан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 305 минг, қурилишда 139 минг, қишлоқ хўжалигида 3,3 миллион, молия-иқтисодиёт, тадбиркорлик ҳамда камбағалликни қисқартириш йўналишида 2,6 миллион ҳамда туризм ва маданият йўналишида 344 минг киши банд бўлган. Айниқса, пахта ва ғалладан қисқартирилган 100 минг гектар ерни очиқ электрон танлов орқали фуқароларга ажратиб бериш ҳисобига 1,3 миллиондан зиёд кишилар иш билан таъминланган. Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинган, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилган, 11 мингта корхона қуввати тикланган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида қарийб 10 триллион сўм кредит маблағлари ажратилиши натижасида ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорликни бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлган.
Бу борадаги ишлар ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан парламент назорати доирасида палаталар мажлисларида муҳокама қилиниб, Бош вазир ўринбосарларининг ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар мутасаддиларининг ахборотлари эшитилган, шунингдек, 20 га яқин тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича Ҳукуматга таклифлар берилган.
Жорий йилда 5 миллион киши бандлигини таъминлаш, шу жумладан, 2 миллион доимий иш ўрни яратиш, 1 миллион фуқарони камбағалликдан чиқариш юзасидан тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилади. Мазкур вазифаларни ўз вақтида ва самарали тарзда бажариш юзасидан парламент назорати натижадорлигини янада ошириш мақсадида қўшма қарор билан бир қатор вазифалар белгиланди.
Хусусан, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ зиммасига режа-жадвал асосида ҳар ойда ҳудудларга чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурларининг тасдиқланиши ҳамда амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, аниқланган муаммоларни тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда жойида ҳал этиш, тизимли камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юкланди.
Парламент аъзолари томонидан мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилади. Парламент назорати тадбирларининг натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинади.
Шунингдек, “Йўл харитаси”да бандлик дастурларининг ижроси масалалари, соҳадаги мавжуд тизимли муаммолар атрофлича кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг ахборотлари Олий Мажлис палаталари ва уларнинг тегишли қўмиталари қўшма мажлисларида эшитиб борилади.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг