Агар иш масофавийга ўзгартилса, меҳнат шартномасида ўзгариш бўладими ёки ойлик тўловида ўзгариш бўладими?​ — инспектор жавоби

13:03 20 Апрель 2020 Жамият
1162 0

Бугун АОКА штабида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси инспектори Гулруҳ Ниёзметова иштирокида брифинг ўтказилди.

Қуйида брифинг давомида муҳим саволларга қайтарилган жавоблар тақдим этилади.

Савол: Агар иш масофавийга ўзгартилса, меҳнат шартномасида ўзгариш бўладими ёки ойлик тўловида ўзгариш бўладими?

Жавоб: Карантин даврида иш берувчилар ходимларнинг розилиги билан меҳнат шартномага тегишли ўзгартириш киритилиб, ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу ҳолатларда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

- меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;

- меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида — ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.

Демак, ушбу ҳолатда Сизга ойлик иш ҳақлари Иш берувчи ва Сиз ўртангизда тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда тўлиқ тўлаб берилади.

Савол: Коллеж ўқитувчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлари йиллик меҳнат таътилларига чиқарилган. Эндиликда ташкилотда бўш иш ўринлари тўғрисидаги ҳисобот топширилмагани сабабли Хива шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ташкилот раҳбарини маъмурий жаримага тортмоқда.

Коронавирус пандемияси сабабли ходимлар меҳнат таътилидалиги даврида ҳисобот топширилмаганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилишим қонунийми?

Жавоб: Кичик корхоналардан ташқари, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасалар иш берувчилари бўш иш жойлари бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ходимларнинг ишдан озод қилиниши тўғрисидаги ахборотларни туман, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ҳар ойнинг 5-санасидан кечиктирмасдан ҳар ҳисобот ойининг 30-31 санаси ҳолати бўйича электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши ШАРТ.

Коронавирус пандемияси тарқалишига қарши чора-тадбирлар тўғрисидаги қабул қилинган қарорларда иш берувчиларни бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этмасликдан ОЗОД ҚИЛИНМАГАН, шу сабабли маълумотлар белгиланган муддатларда тақдим этилиши лозим.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 229-моддасига асосан бўш иш ўринларини яшириш ёки ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик учун маъмурий жарима қўллаш асосли ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер