Адолат ва қудрат тимсоли: Жиззахда Амир Темур меросига бағишланган республика анжумани бўлиб ўтди

14:12 09 Апрель 2026 Жамият
221 0

Бугунги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш ва тарихий хотирани тиклаш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ аҳамият касб этмоқда. Жиззах давлат педагогика университетида бўлиб ўтган “Амир Темур ва темурийлар даври мероси: давлатчилик, ҳарбий санъат, илм-фан ва маънавий тараққиёт феномени” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани айнан шу мақсадга хизмат қилди.

Мазкур анжуман шунчаки илмий йиғилиш эмас, балки давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси йўлидаги дастлабки ва муҳим қадамлардан бири бўлди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Иқболой Умарованинг фикрича: “Бугунги анжуман тарихни шунчаки ёдга олиш эмас, балки ундан сабоқ чиқаришга қаратилгани билан қадрлидир. Амир Темур ва темурийлар даври – юксак маънавият ва адолатли давлатчилик мактабидир. Бу руҳни ёшлар онгига сингдириш Янги Ўзбекистоннинг маънавий таянчини мустаҳкамлайди”.

Анжуманда асосий эътибор Соҳибқирон шахсининг мураккаб ва серқирра жиҳатларига қаратилди. Сўзга чиққанлар Амир Темурнинг 27 та давлатни ягона сиёсий маконда бирлаштиргани, бу эса ўз даврида инсоният тамаддунини янги босқичга олиб чиққанини тарихий фактлар билан асослаб бердилар.

-Амир Темур шахси – адолат ва қудрат уйғунлигининг энг юксак намунасидир, — дейди Жиззах давлат педагогика университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Анора Жаббарова. – Унинг давлат бошқаруви тизими ва ҳарбий стратегияси нафақат ўтмиш мероси, балки бугунги кун ислоҳотлари учун ҳам маънавий дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида илм аҳли ва иштирокчилар манбашунослик ва тарихнавислик, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизими, Бобурийлар даври адабий мероси ва унинг жаҳон маданиятидаги ўрни мавзуларида қизғин баҳс мунозараларга киришдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар бир овоздан таъкидлаганларидек, бу каби илмий мулоқотлар тарихий хотирани замонавий тафаккур билан уйғунлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ўз тарихини чуқур англаган халқ келажак сари ишонч билан қадам ташлайди.

Жиззахда ўтган ушбу анжуман ёш авлод учун миллий ғурур ва ватанпарварлик дарси, илм аҳли учун эса янги тадқиқотларга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Толибжон ЭРГАШЕВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер