Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаси яна бир давлат грантини қўлга киритди

16:19 09 Апрель 2022 Жамият
1024 0

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъатининг 5 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишида Тошкент давлат юридик университети томонидан тайёрланган “Қишлоқ хўжалиги кластерлари учун электрон тижорат механизмлари асосида товар (иш, хизмат)ларнинг онлайн савдосига оид рақамли платформа ва унинг мобил иловасини яратиш” номли инновацион лойиҳа кўриб чиқилди.

Узоқ ва қизғин давом этган муҳокамалар натижасига кўра мазкур лойиҳа 801 млн сўмлик маблағ билан молиялаштиришга лойиқ деб топилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа натижасида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада мустаҳкамланади ҳамда кластерлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади. Шунингдек, лойиҳа натижасида соҳада иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашга ҳамда кластерлик фаолияти билан боғлиқ амалиётда юзага келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишга эришиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2022-йил март ойида Тошкент давлат юридик университети томонидан тайёрланган “Юридик терминлар электрон тезауруси ва инновацион мултимедиа платформасини яратиш” номли лойиҳа 985 млн сўмлик давлат грантини қўлга киритган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер