Адлия аралашуви билан етим боланинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Фарғона вилоят адлия бошқармасига Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти талабаси Т.А мурожаат қилиб, унга тўланиши лозим бўлган имтиёзли стипендия ва бошқа тўловлар тўланмаётганлигини билдирди.
Мурожаат ўрганилганда, Т.А чин етим ҳисобланиб, Фарғона шаҳар ҳокимининг қарорига асосан тўлиқ давлат таъминотига олинганлиги, Марғилон шаҳар 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси эканлиги, 2020 йилда давлат гранти асосида даволаш иши факултетига ўқишга қабул қилиниб, 2021 йил академик таътилга чиққанлиги аниқланди.
Т.А 2022-2023 ўқув йилидан ўқишга тикланган бўлсада, унга ўрганиш кунига қадар уни турмушга чиққанлиги важи билан стипендия ва бошқа тўловлар, хусусан, сентябр, октябр, ноябрь ойларида стипендиясига 50 фоиз қўшимча маблағ, озиқ-овқат, транспорт харажатлари пули, бир йилда бир марта адабиётлар сотиб олиши учун, кийим-кечак ва гигиена воситалари сотиб олиш учун жами 5 млн 439 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари тўланмай келинган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 ноябрдаги «Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 739-сон қарорига асосан етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларида ҳамда уларни тамомлагандан сўнг академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар, шунингдек, олий таълим муассасаларида таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу қарорга асосан тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасаларини битириб, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат таълим муассасалари фаолиятини молиявий таъминлаш учун тегишли йилга назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланиши, тўлиқ давлат таъминоти пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар, шунингдек, транспортда юриш карточкаларидан иборат бўлишлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтига қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиб, бунинг натижасида фуқаро Т.А га 5 млн 439 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари ундириб берилди ҳамда етим боланинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг