Абдулла Қодирий қандай усулда картошка етиштирган? — Бугун матбуотда…
Шарҳимизни хушхабар билан бошлаймиз. Яқиндан “Гвардия” номи янги газета чиқа бошлабди. Нашрнинг илк сонини варақлаб, унинг саҳифалари ранг-баранг мавзудаги таҳлилий мақолаларга бой эканлигига гувоҳ бўлдик.
Хусусан, шундай материаллардан бирида ёзилишича, халқимизнинг буюк адиби Абдулла Қодирий бобомиз ҳам ижод қилиш билан бирга, уста-боғбон, миришкор деҳқон бўлган. У киши картошка экиш учун биринчи йили ернинг бир томонида одам бўйи келадиган қилиб чуқур қазир экан. Сўнг ерни чопганда тупроқни ҳовуз томонга суриб, ернинг иккинчи томонида чуқур пайдо қиларкан. Кейин катта жўяк олиб картошка экар экан, картошка униб чиққач, ўсгани сайин уни кўмиб, тепага чиқаравераркан. Картошкаларни кўмиш шу даражага етар эканки, қазилган чуқурда бемалол бекинмачоқ ўйнаса бўларкан. Йиғим-терим маҳалида ҳар бир тупдан челак-челак ҳосил олган экан адиб бобомиз...
“Ishonch” газетасида чоп этилган «Ягона буюртмачи хизмати» – ўртада «бегона» йўқ” сарлавҳали мақолада 2018 йили Асака туманидаги 42-мактаб биноси қурилиши учун эълон қилинган тендерда ютган пудратчи ташкилот ва буюртмачи ўртасида ҳанузгача давом этаётган келишмовчиликлар хусусида сўз юритилади. «Бой берилган имкониятлар ёхуд тиббиётдаги айрим муаммолар ҳақида мулоҳазалар» номли материалда эса тиббиёт соҳасида узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган муаллифнинг соҳага оид танқидий фикрлари ва таклифлари баён этилган.
«Газетада мақола чиқармоқчиман» сарлавҳали мақолада айрим ўқитувчиларнинг тоифасини ошириш мақсадида буюртма мақолалар ёздириши танқид қилинади.
“Сир эмас, авваллари олий таълим олиш борасида олис туман ва қишлоқлардаги аксарият хотин-қизларнинг орзулари сароблигича қолиб кетарди. Бунга моддий етишмовчилик ёки оиладаги муҳит қайсидир маънода таъсир кўрсатарди, — деб ёзилади“Mahalla” газетасида эълон қилинган «Имтиёзлар қанчалик адолатли тақсимланади?» номли мақолада. — Шу сабаб қанчадан-қанча илмга ташна ва қобилиятли қизлар оила ташвиши билан ўралашиб қолди. Жорий йилда эса ана шундай нозик хилқат вакиллари учун яна бир имконият эшиклари очилди. Улар учун ОТМга алоҳида имтиёз белгилаб берилди. Хўш, хотин-қизлар имтиёзли асосда олий ўқув юртларига қандай тартибда қабул қилинади? Имтиёзлар кимлар учун белгиланган? Улар қанчалик адолатли тақсимланади?” Бу саволларга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонованинг жавобларини ўқийсиз.
«Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари». Бу улуғвор ғоя бугун янги Ўзбекистоннинг, ҳар бир ватандошимизнинг истиқболга қаратилган азму қарорига айланди. Инсон улуғ ғоя ва даъватлардан куч олади, уларга қараб қаддини ростлайди. Уларга мос равишда ўктам қадам ташлашга интилади. Тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз кучли ҳаракат, нурафшон келажак бўлмайди, — деб бошланади “Янги Ўзбекистон” газетасида 2 июль — Ўзбекистон Республикаси давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан эълон қилинган «Миллий юксалиш мужассам улуғвор Ватан тимсоли» сарлавҳали материалда. — Ана шу маънода давлат рамзлари бугун халқимизга ҳаёт синовларини мардона енгиб ўтишда, ҳар кун, ҳар лаҳза ғурур ва матонат билан миллий юксалиш сари қадам ташлашда бетимсол куч-қудрат бахш этмоқда.
“Халқ сўзи” газетасида босилган Раҳим Шерқуловнинг «Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал» сарлавҳали мақоласида эса Фарғона вилоятга уюштирилган пресс-тур тафсилотлари, хусусан, бугунги кунда ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар ва муаммолар, кўзда тутилган режалар ҳақида батафсил маълумотлар берилган.Журналистлар медиа-тур доирасида дастлаб Марғилон шаҳрида Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан Ҳунармандлар маркази қурилиб, фойдаланишга топширилгани, бу ерда 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, натижада 2 мингга яқин хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминлангани баён этилган.
“Правда Востока” газетасида берилган «Молодеж нового дня: нас ждут великие дела!» («Янги кун ёшлари»: бизни буюк ишлар кутмоқда”) сарлавҳали материалда эса мамлакатимизда ёшларга оид давлат дастурининг самаралари ҳақида сўз юритилади.
«Пандемия шароитида дунёга машҳур брендлар катта талафот кўрмоқда. Бироқ дистанцион технологияларга асосланган ҳолда ўз даромадларини оширишга эришмоқда»деган мулоҳазалар қайд этилган «Народное слово» газетасида эълон қилинган Гулшана Худоёрованинг «В инновационном развитии не допустит тормоза» («Инновацион ривожланишни тўхтатиб бўлмайди») сарлавҳали материалида. Унда таъкидланишича, Ўзбекистонда саноатни ривожлантириш замонавий ишлаб чиқаришнинг янги технологияларидан бохабар бўлган кўплаб юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб этади. Бироқ ўтказилган таҳлиллар ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўнгилдагидек эмаслигини кўрсатмоқда. Хусусан, инновацион менежмент соҳасида технологияларни трансфер қилишга қодир бўлган малакали мутахассислар етишмайди.
ЎзА
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг