ABC: Рубио америкалик дипломатларга Эронга қарши чоралар кўриш учун бошқа давлатларга таъсир ўтказишни топширди

21:21 17 Март 2026 Дунё
307 0

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио чет элдаги америкалик дипломатик ваколатхоналар ходимларига Эронга қарши чоралар кўриш учун маҳаллий ҳукуматларга босим ўтказиш бўйича кўрсатма берди, деб хабар бермоқда ABC News.

Тегишли ҳужжатда айтилишича, ходимлар давлат расмийларини Эрон ва унга алоқадор деб айтилаётган «террорчи гуруҳларнинг ҳужум қилиш» имкониятларини чеклаш бўйича тезкор чоралар кўришга чақиришлари керак. Бу Ислом Республикаси ва унинг тарафдорлари томонидан «ҳужум хавфи ортган» шароитда зарурлиги таъкидланмоқда.

Ушбу тезислар 20 мартга қадар «энг юқори даражада» маҳаллий ҳукуматларга етказилиши белгиланган. Қўшма Штатлар расмийларининг фикрича, бир томонлама ҳаракатлардан кўра, жамоавий босим Эронни «ўз хулқ-атворини ўзгартиришга» мажбур қилиш эҳтимолини оширади.

Америка дипломатик идоралари ходимларига маҳаллий ҳукуматларни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини террорчи ташкилотлар деб эълон қилишга тезкорлик билан чақириш топширилган. Бунинг учун қўшимча далиллар тақдим этилиши лозимлиги кўрсатилган.

«Бундай қарор Эрон режимига бўлган босимни кучайтиради ва унинг бутун дунё бўйлаб аҳолингиз хавфсизлигига таҳдид солувчи террорчилик фаолиятини ҳомийлик қилиш имкониятларини чеклайди», — дейилади дипломатик телеграммада.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер