Абай асарларининг билимдонлари аниқланди

15:06 30 Сентябр 2020 Жамият
1394 0

Улуғ маърифатпарвар шоир, халқлар дўстлигининг оташин куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарфли ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижи мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида буюк шоир Абай Қўнонбоев таваллудининг 175 йиллигига бағишланган тадбирда шоирнинг ижоди ва ибратли ҳаёт йўли ҳақида батафсил сўз юритилди.

Тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, юртимиздаги қозоқ миллий маданий маркази фаоллари, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қозоқ тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Шу билан бирга, «Абай асарлари билимдони» номли китобхонлик танлови ҳам ўтказилиб, ғолиблар Қўмита томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Танловнинг асосий мақсади инсонларда, айниқса, болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлаш экани алоҳида эътироф этилди. Унда ёшлар уч тильда: қозоқ, ўзбек ва инглиз тилларида Абай шеърларини ёддан, ифодали қилиб айтиб бердилар. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қозоқ тили ва адабиёти талабалари ўртасида ўтказилган беллашув якунига кўра, Улбосин Абдуллаева 1-ўрин, Айгерим Маликова 2-ўрин, Озода Эгамбердиева 3-ўринни қўлга киритди.

– Улуғ шоир Абай шеърларини ўқиганингиз сари ҳар сафар янги тушунчага эга бўлиб бораверасиз. Унинг ижодий мероси теран фалсафа, келажакка донишманд нигоҳ, миллат истиқболи ҳақида қайғуришдек тамойилларга асосланиши билан ўзбек китобхонлари учун ҳам ғоят қадрлидир. Бежизга Абай қозоқ халқининг доно оқини, асл сўз чевари дея эътироф этилмайди. – дейди Қалдибек Сейденов, Ўзбекистондаги қозоқ миллий маданият маркази фаоли, «Дўстлик» ордени соҳиби.

Юлдуз ЎРМОНОВА,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер