566 нафар битирувчи ишга қабул қилинди
Олий таълим муассасасини тамомлаш бир бахту, ўзи танлаган касб бўйича иш топиш иккинчи бахтдир! Боиси, замондошларимиз орасида олий таълим тўғрисидаги дипломи бўла туриб иш топа олмаётганлар ҳам йўқ эмас. Бугун аксарият битирувчиларнинг ҳам ташвишига айланган бу муаммо Андижон давлат университети битирувчиларини четлаб ўтди. Боиси, вилоят халқ таълими бошқармаси билан университет битирувчилари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
— Мулоқот шунчаки расмиятчиликдан холи бўлди, — дейди битирувчи Хосиятхон Аҳмадалиева. — Унда аниқ ва рўй-рост масала кўриб чиқилди. Яъни, ҳар бир битирувчини ишга қабул қилиш чораси кўрилди. Навбатдаги ўқув йилини болаларга сабоқ бериш билан бошлашимдан ниҳоятда хурсандман.
Мулоқот давомида 566 нафар битирувчилар мактабларга ишга қабул қилиндилар. Шу куннинг ўзида мактаб директорлари иштирокида шартнома тузилиб, керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Битирувчиларнинг 240 нафари ҳозирда мавжуд бўлган бўш иш ўринларига, 326 нафари эса 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мавжуд таълим муассасаларида иш фаолиятларини олиб боришлари бўйича келишиб олинди.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг