2026 йилдан электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ улгуржи бозорга ўтказилади ҳамда нархлар эркин белгиланади
Фото: Иллюстратив фото
АОКАда ўтказилган брифингда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Қувончбек Мустафоев ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида маълумот берди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2022 йилнинг 31 май куни муҳокамага қўйилган эди.
15 июнь куни муҳокама жараёнлари якунланган бўлиб, қарор лойиҳасига 1 100 дан ортиқ таклиф ва эътирозлар келиб тушди.
Энг кўп таклифлардан бири қиш мавсумида электр энергиясига (табиий газ учун ўрнатилгани каби) белгиланган ижтимоий меъёр шакллантириш бўйича келиб тушган.
Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энергия тежамкорликни ошириш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархлар ҳам мазкур қарор билан белгилаб берилмоқда.
2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари келгуси йилларда қайта кўриб чиқилишида инфляция даражасига индексация қилиб борилиши, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланиши белгиланган.
Муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, қарор лойиҳасида аҳоли учун жорий этилиши назарда тутилган «ижтимоий меъёр»нинг жорий қилиниши мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда ва мазкур қарор билан аҳоли учун нархлар ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг