2023 йилда умумий қиймати 2,0 млрд. доллар бўлган 465 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади — «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси
Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”
АОКАда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарма бошлиқлари Баҳром Аллабергенов, Қосим Муҳаммадиев ва ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов иштирок этди.

Маълум қилиндики, 2023 йилда саноат корхоналари томонидан 35,3 трлн сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 1 млрд долларлик экспорт амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда маҳаллийлаштириш дастурига кўра 1,7 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Германия, Франция, Белорус ва Жанубий Корея мамлакатларига давлат ташрифи доирасида замонавий импорт ўрнини босувчи қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида илғор хорижий компаниялар билан умумий қиймати 2 млрд 295 млн долларлик 44 та меморандум ва келишувлар имзоланган.

Ҳудудий дастурларга асосан қурилиш материаллари соҳаси бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 118,5 млн. доллар бўлган 35 та, Фарғона вилоятида умумий қиймати 321,7 млн. доллар бўлган 33 та, Самарқанд вилоятида умумий қиймати 250,1 млн. доллар бўлган 69 та, Жиззах вилоятида умумий қиймати 224 млн. доллар бўлган 18 та, Навоий вилоятида умумий қиймати 210,3 млн. доллар бўлган 41 та, Наманган вилоятида эса умумий қиймати 162 млн. доллар бўлган 38 та лойиҳа ишга туширилади.

Уюшмаси Инвестиция дастурига кўра 2023 йилда қўшимча равишда истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳам шакллантирилган. Унга кўра, Фарғона, Андижон, Навоий ва Хоразм вилоятларида қуввати 560 минг метр куб бўлган газобетон блокларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси режалаштирилмоқда. Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида гипс ва гипсокартон листлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Ҳозирда юқоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторлар ва лойиҳани молиялаштириш манбалари аниқланмоқда.
Суратлар муаллифи Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг