2023 йилда 100 та микро-ГЭС қуриш бўйича лойиҳалар бошланади

18:35 10 Январь 2023 Сиёсат
1063 0

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди. 

Йиғилишда ҳудудларга саноат жадал кириб келаётгани таъкидланди.

Масалан, Жиззахда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди.

Ёки, Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва бошқа ҳудудларда металлни қайта ишлаш бўйича 19 та йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Наманганда янги ташкил этилган 54 та кичик саноат зоналари 2022 йилда 3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди.

Кимё саноатида охирги уч йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга, экспорт эса 2 бараварга ошди.

Шунга қарамасдан, ҳудуд ва тармоқларнинг ишлатилмаган имконият ва салоҳияти ҳали катталиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Хоразм ҳудудий саноат ҳажмини 8,7 триллион сўм режа қилган бўлсада, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳисобига буни 10 триллион сўмга етказиш бўйича қўшимча имкониятлар мавжуд.

Ёки, Фарғонада паст қувватда ишлаётган 22 та корхонани айланма маблағлар билан таъминлаб, қўшимча 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони бор.

Шу каби, Қашқадарёда 8 та йирик лойиҳага инфратузилма масаласи тезроқ ҳал қилиб берилса, 800 миллиард сўмлик қўшимча захира яратилади.

Наманганда тўлиқ қувватда ишлаётган ва қўшимча бозори бор 51 та корхонани кенгайтириб, қўшимча 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин.

Ёки, 2023 йилда 100 та микро-ГЭС қуриш бўйича лойиҳалар бошланади. Бу лойиҳалар учун 10 миллион долларлик ускуна зарур бўлиб, уларни маҳаллий корхоналарда бемалол ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер