173 нафар совет даври қатағонлари қурбонлари оқланди
Фото: Халқ сўзи
Тарихий адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимизнинг номини оқлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани бунга кенг йўл очди.
Фармойишнинг ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Республика ишчи гуруҳи ва қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўламини кенгайтириш учун масъулларга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган.
Бундан ташқари, Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳи тузилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида охирги икки йилда совет даврида қатағон қилинган 235 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
2022 йил 12 декабрь куни Олий судга яна 173 нафар шахсга оид 4 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.
2022 йил 19 декабрь куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида келтирилган ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 4 та жиноят иши бўйича 173 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.
Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг