12 млн 231 минг метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилди
Бу ҳақда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий керамик плиткалари дунёда ўз ўрнига эга. Боиси, ушбу маҳсулотларга нафақат маҳаллий балки, жаҳон бозорида талаб ўсиб бормоқда. Шу боис корхоналар томонидан янги технологиялар ўрнатилиб, ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтириляпти.
Таҳлилларга кўра, январь-май ойларида республикада мавжуд саноат корхоналарида жами 12 млн 231 минг метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилган. Эътиборлиси, уюшмага аъзо корхоналар томонидан 6 млн 750 минг метр квадрат маҳсулот тайёрланган. Энг кўп маҳсулот Фарғона вилоятида жойлашган йиллик қуввати 4,3 млн метр квадрат бўлган “MODERNA CERAMIC INDUSTRIES FERGHANA” МЧЖ ҲК томонидан тайёрланган. Ўтган давра мобайнида корхонада 2,635 млн метр квадрат маҳсулот ишлаб чиқарилган. Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналардан бири “Prime ceramics” МЧЖда шу кунгача 1,426 млн метр квадрат керамик плиткалар мижозларга етказилган. Сирдарё вилоятида жойлашган "Sirdarya Ceramic Production" МЧЖ ҚКда ҳисобот даврида 2,030 млн метр квадрат маҳсулот тайёрланган.
Шунингдек, "NATIONAL CERAMICS" МЧЖ ҚК (1,362 млн метр квадрат), “Great wall ceramic industries” МЧЖ (819 минг метр квадрат), “Orient-ceramic” МЧЖ (759 минг метр квадрат), “Premium elegant ceramics” МЧЖ (230 минг метр квадрат), “Lyux Granit” МЧЖ (686 минг метр квадрат), "Flate Tile" МЧЖ (720 минг метр квадрат) каби корхоналар томонидан маҳаллий керамик плиткалар харидорларга етказилган.
Эътиборлиси, ўтган даврда корхоналар томонидан 12 ,8 млн долларлик керамик плиткалар экспорт қилинган. Бу борада “Prime ceramics” МЧЖ, “Orient-ceramic” МЧЖ ва “Moderna ceramic industries Fergana” МЧЖ ларида кўрсаткичлар юқори ҳисобланади. Миллий маҳсулотларимизни экспорт қилишда Қозоғистон Республикаси пешқадам ҳисобланади. Қўшни давлатга 4 млн 485 минг метр квадрат керамик плиткалар етказиб берилган. Шунингдек, Тожикистон Республикаси 4,190 млн долларлик, Қирғизистон эса 2,167 млн долларлик маҳсулот харид қилган. Эътиборлиси, юртимизда ишлаб чиқарилган керамик плиткалар Европа давлатлари Россия Федерацияси (37,3 минг метр квадрат) ва Озарбайжон (104,783 метр квадрат)га ҳам экспорт қилинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг