Зоминда “ақлли қишлоқ хўжалиги” йўлга қўйилади
Пурвиқор тоғлар бағридаги Зомин туманида қишлоқ хўжалигини замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилган янги лойиҳалар бошланиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистон ва Хитой давлати ҳамкорлигида Advantage Capital, Jiushi Tongyuan ҳамда Qiamo Technology компаниялари иштирокида “ақлли қишлоқ хўжалиги” тизими жорий этилади.
Мазкур лойиҳа доирасида энг аввало мамлакатимизда илк бор “рақамли қишлоқ хўжалиги харитаси” яратилади. Бу орқали барча маълумотлар жамланган ягона интеллектуал база шакллантирилади.
- Бу лойиҳа қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва ердан оқилона фойдаланишга хизмат қилади, — дейди Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев. — Лойиҳа амалга оширилиши натижасида яйлов ва лалми ерлар тўлиқ хатланиб, сканерланади, дронлар ва датчиклар ёрдамида экинларни ўсиши, тупроқ намлиги, зараркунандалар, чигирткалар хавфи ва касалликлар ҳолати доимо кузатиб борилади, суғориш жараёнлари реал вақтда назорат қилинади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу каби технологиялар фермерлар, ижарачилар, шахсий томорқа ер эгаларига тез ва аниқ қарор қабул қилиш имконини беради. Шунингдек, табиат инжиқликларини олдиндан башорат қилиш, ҳосилдорликни ошириш, чорва молларини назорат қилиш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ва аэрокосмик мониторинг каби илғор ечимлар ҳам жорий этилади.
Кутилаётган натижа эса аниқ – ҳосилдорлик ошади, ресурслар ва ишчи кучи тежалади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми кўпаяди, ўрмон ва дарахтларни ўсиши, суғориши назоратга олинади.
Бу каби лойиҳалар Зомин тумани иқтисодиётини янада ривожлантириб, қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқади.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг