Зойир Мирзаев фермерга "Nexia-3" совға қилди
Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг катта анжуманлар залида ўтказилган бадиий мусиқий байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги ходимлари, қишлоқ хўжалиги соҳасига алоқадор корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Анжуманда вилоят ҳокими воҳа қишлоқ хўжалиги ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи деҳқон ва фермер, механизатор ва агроном, сувчи ва ирригаторлар ҳамда олим ва мутахассисларни байрам билан самимий табриклади.
-Якунига етаётган жорий йилда, қийинчиликларга қарамасдан, вилоятимиз деҳқонлари 808,6 минг тонна ғалла, 383,4 минг тонна пахта, 714,8 минг тонна сабзавот, 187,9 минг тонна картошка, 315,7 минг тонна полиз маҳсулотлари, 149,5 минг тоннага яқин мева, 2013 тонна пилла, 132,4 минг тонна гўшт, 523,8 минг тонна сут ва 270,9 млн дона тухум етиштиришга эришдилар. Ҳаммаси бўлиб, воҳа бўйича 19 трлн. 904 млн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Энг қувонарлиси, бу йил 384 минг тонна ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди ва бу улар учун катта рағбат ва мукофотдир,- деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Байрам тадбирида соҳанинг илғор ва ташаббускор ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. Чироқчи тумани «Жўра бобо Бойқулов» фермер хўжалиги раҳбари Холмурод Бойқулов жорий йилда вилоят фермерлари орасида энг юқори натижага эришгани учун "Nexia-3" автомашинаси билан тақдирланди.
Анжуман сўнгида соҳа ходимлари учун байрамона концерт дастури намойиш этилди.
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг