Журналистлар шахмат столи атрофида жамланди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган тадбирлар барча ҳудудларда, ташкилотларда бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими томонидан ўтказилган тадбирда Бош қомусимизнинг давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратганлиги эътироф этилди. Тадбир якунида уюшма аъзолари иштирокида шахмат-шашка мусобақаси ўтказилди.
— Конституциямизда фуқароларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оммавий спорт турларини ривожлантириш, ишчи-ходимларнинг салоҳиятини юксалтириш муҳим вазифалар қаторида белгилаб қўйилган, —дейди уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Ортиқова. — Шунинг учун уюшма аъзоларининг профессионал маҳоратини шакллантириш, иқтидорини намойиш этиш, ижоддан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича муайян чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бугунги шахмат-шашка мусобақаси шулар жумласидан бўлиб, бу каби тадбирлар журналистларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муросасиз кечган беллашувда Нажмиддин Икромий, Элмира Раҳмонова, Абдували Кабиров, Абдували Қурбонов фаол иштирок этди ва ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг