ЖССТ «COVID-19» ўлим ҳолатлари ортиб бораётгани сабабли дунё давлатларини эҳтиёт бўлишга чақирди
Фото: Reuters
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари «COVID-19» туфайли жорий этилган барча чекловларни зудлик билан олиб ташлашга ҳали эрталигини маълум қилиб, бу борада эҳтиёт бўлишга чақирди.
«Биз эҳтиёт бўлишга чақирамиз, чунки аксарият мамлакатлар «Омикрон» пандемиясининг чўққисидан ўта олмади. Айрим давлатларда эмлаш даражаси жуда паст. Шунинг учун ҳозирда барча коронавирус чекловларини бирданига олиб ташлаш вақти эмас», дейди ЖССТ Фавқулодда касалликлар бўлими техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкхове.
Унинг таъкидлашича, чекловларни олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишда давлатлар аҳоли ўртасидаги эмлаш даражаси, шунингдек, мавжуд эпидемиологик вазиятни ҳисобга олишлари керак.
Аввалроқ ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус «Омикрон» штамми дунёда тез тарқалаётгани ва ўлим кўпайишига сабаб бўлаётганини маълум қилганди.
«Омикрон» биринчи марта 10 ҳафта олдин аниқланганидан бери ЖССТга 90 миллионга яқин инфекция ҳақида хабар берилган. Бу бутун 2020 йилда аниқланган ҳолатлардан ҳам кўп», деган эди ЖССТ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, сайёрамизнинг барча минтақасида ўлим ҳолатлари сони ортган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг