Жорий йилда қанча ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилди?
Иллюстратив фото
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда 39 мингдан зиёд кўп қаватли уйлар мавжуд. Уларга 329 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари, 708 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатиб келмоқда. 2022/2023 йилларда куз-қиш мавсумига кўп квартирали уй-жой фондини тайёрлаш бўйича бошқарувчи ташкилотлар томонидан жорий йилда 135 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Хусусан, 1 847 та уйнинг том қисми, 2 782 та уйнинг кириш йўлаклари, 1 202 та ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникациялари, 1 495 та кодли қулфли темир эшиклар, 2 527 та электр тақсимловчи шитлар, 368 та уй ичидаги муҳандислик тармоқлари, 960 та уйнинг фасад қисми таъмирланди.
Шунингдек, иссиқлик таъминот соҳасида Инвестиция дастури доирасида 41,6 км. магистрал иссиқлик қувурлари ва иссиқлик тармоқлари, 5 та марказий, 3 та маҳаллий қозонхона қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда 36,3 км. иссиқлик тармоқлари, 1 та марказий қозонхона, 25 та қозон, 347 та индивидуал иссиқлик пунктини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Қайд этилганидек, сув таъминоти соҳасида Инвестиция ва давлат дастурлари доирасида 232 та объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 1 807,7 млрд. сўм маблағлар ажратилиши ва ушбу маблағлар доирасида 2 298,5 км. ичимлик ва оқова сув тармоғи, 183 дона ичимлик ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланган. 2022 йил 1 октябрь ҳолатига 1 304,3 млрд. сўм молиялаштирилди ва 1 530,7 млрд. сўм миқдорда қурилиш-монтаж ишлари қилинди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 143,2 км. ичимлик, 58,3 км. оқова сув тармоғи, 101 та иншоотда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Эшитувда депутатлар соҳада эришилган ютуқларни эътироф этиб, мутасадди раҳбарларга таклифлар билан бирга ўзларини қизиқтирган саволлар, таклифлар ва тавсияларини берди.
Қизғин савол-жавобларга бой бўлган тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг