Жорий йилда «дафтарлар»га кирган камида 5 мингта оила сув иситиш қурилмаси билан таъминланади
Фото: president.uz
Президент раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлар бу имкониятлардан фойдаланиши учун бирон-бир идорага боришга мажбур бўлмайди. Барча ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал бўлади.
Бунинг учун:
— жамғарма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда ҳудудлардаги сотувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини тузади;
— ишлаб чиқарувчиларнинг аҳоли ва тадбиркорларга ускуналарни бўлиб-бўлиб тўлашга бериш харажатлари жамғарма томонидан қоплаб берилади;
— жамғармага 100 млрд сўм ажратилади, ишлатишига қараб йил якунига қадар яна 100 млрд сўм берилади;
— жамғарманинг электрон портали ишга туширилиб, барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади.
Мутасаддиларга тизимни 1 сентябрдан амалиётга жорий қилиш топширилди.
Вилоят ҳокимлари олдига жорий йилда «дафтарлар»га кирган камида 5 мингта оилани, келгуси йилда яна 10 мингтасини сув иситиш қурилмаси билан таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг