Жўраевлар иши бўйича судья ва суд қарорини қоралаган блогерга нисбатан чора кўрилади

17:50 17 Сентябр 2024 Жамият
523 0

Даъвогар Ботир Қодировнинг жавобгарлар – Жўраевларга нисбатан «оталик фактини белгилаш»га доир фуқаролик низоси бўйича суд жараёни бошланганидан то ҳал қилув қарорига қабул қилингунича керагидан ортиқ муҳокамалар бўлди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан нотўғри ва бўрттириб талқин қилинаётган хабарлар юзасидан тушунтириш берди.

«Суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги «виртуал мусоҳабаларда» ишни биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, блогер Ж. Ҳамраев ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар «қўли узун экани» ҳақидаги гапини эслатиб, гўёки «…унинг узун қўллари судьягача етиб боргани»ни очиқ иддао қилган. Бундан ташқари судья томонидан марҳум санъаткор вафоти санасини нотўғри айтилгани-ю суд қарорини ўқиш пайтидаги бироз ҳаяжонини «бу не кўргулик?!» деб, вазиятни бўрттиришга урингани кўринади. Энг ёмони, унинг иддаолари иш бўйича жавобгар тарафнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда», дейилади хабарда.

Шунингдек, баёнотда ижтимоий тармоқ фаолларидан судьянинг бир неча камералар қаршисида қарор ўқиши жараёнида битта санани нотўғри айтиши ёки ундаги бироз ҳаяжонга тушуниш билан муносабатда бўлиш сўралган. Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши, кимнингдир гўёки «узун қўллари судьягача етиб борган»ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблаши ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўришини таъкидлаган.

«Якунда алоҳида қайд этиладики, ушбу баёнот қабул қилинган суд қарори бўйича Кенгаш нуқтаи назари ҳисобланмайди. Шунингдек, ундан (суд қароридан) норози тарафнинг юқори суд инстанциясига шикоят беришига ҳам монелик қилмайди», дея қўшимча қилинади расмий баёнотда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер