Жон жигарим — жону жаҳоним
Фото: «Халқ сўзи»
Халқимиз жигарчилик — минг йилчилик, дейди. Зотан, ота-онадан кейин ака-укачилик, опа-сингиллик муносабатлари узилмас ришталар ила бардавом бўлади. Айниқса, нуроний ёшда ўзаро меҳр-оқибат туйғулари инсон умрига умр, ризқига ризқ қўшадиган энг гўзал одобдир.
Кўклам нафаси борлиққа ўзгача чирой, латофат бахш этаётган, баҳор ёмғирлари табиатга оро бераётган шу кунларда Фарғона вилоятининг сўлим масканларида ака-укалар билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. Маълум бўлишича, 94 ёшли Маҳмуджон ота Мадумаров 98 ёшли акаси Турсунбой Деҳқоновни Фарғона водийси бўйлаб сайр қилдириб юрган экан.
— Ҳар йили эрта кўкламда юртимизнинг энг хушманзара табиат масканларига сайрга чиқамиз,-дейди бир нафас ҳам акасини эътиборсиз қолдирмайдиган Маҳмуджон ота. — Чунки бундай пайтда қиш-қировли кунларда кучсизланган вужудимиз табиий дармондориларга катта эҳтиёж сезади. Баҳор фаслида гўзал табиат манзаралари, шарқираб оқадиган зилол сувлар инсонга куч-қувват, руҳий бардамлик беради.
Буни қарангки, ака-укалар Фарғона водийсининг дилбар табиати танга қувват бахш этадиган бундай масканлардан ташқари Жиззахнинг Зомин ва Бахмали, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Хумсон, Оқтош сингари баҳаво жойларида, тарихий Самарқанду Бухоро, Сурхон воҳасига ҳам саёҳат қилишга одатланишган экан. Шунинг учун бўлса керак, шундай табаррук ёшда ҳам ака-укалар жуда тетик, гапга чечан, ҳазил-мутойибани ўрнига қўйишади.
— Одам тўғри яшаши, ҳалол ризқ топиб ейиши керак,-дейди бир асрлик умр довонига яқинлашаётган Турсунбой ота. – Ёлғон гапирмаслик, сидқидилдан меҳнат қилишда ҳосият кўп. Турмуш қийинчиликларига сабр қилишни билмайдиган одамнинг рўзғорида барака бўлмайди.
Андижон вилоятининг Балиқчи туманида умргузаронлик қилувчи бу ака-укаларнинг бир қарашда бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати йўқ – ҳамма қатори оддий инсонлар. Аммо уларнинг бахти ана шу оддийлигида. Шу билан бирга икковлоннинг ўта синчковлигини сезасиз, донишмандона нигоҳларида ҳаётий фалсафани кўрасиз.
— Ҳозир ҳам худди ёш боладек орқамдан эргашиб юради,-дея ака ҳазиломуз оҳангда укасини эркалаб, бошини силайди. – Аммо ўзим ҳам укамни бир кун кўрмасам, туролмайман, бир қориндан талашиб тушганмиз ахир.
Акасининг бу сўзларини жилмайиб тасдиқлаган Маҳмуджон ота чарчаб қолмаслиги учун секин уни қўлтиқлаб олди.
— Акам — менинг жон жигарим, жону жаҳоним! — деди кейин меҳр билан бизга юзланиб. — Ота-онамдан ёлғиз ёдгоримни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш укалик бурчим.
Хайр-хўшлашиб, ўз манзилимиз сари кетарканмиз, бугунги кунда 80 нафардан зиёд набира ва чеваралар ардоғида яшаётган бу ака-укага жуда ҳавасимиз келди.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг