Жўмракдан нега иссиқ ўрнига илиқ сув келади?

14:23 29 Сентябр 2023 Жамият
415 0

Фото: “Халқ сўзи”

Республика Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда вилоятдаги иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар-жойларни 2023/24 йиллар куз-қиш мавсуми даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг бугунги кундаги аҳволи бўйича бошқарма бошлиғининг ўринбосари ҳамда вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК директорининг маърузалари тингланди.

Таъкидландики, мавсумга тизимдаги ҳар бир корхона ва ташкилотда аниқланган камчилик ва носозликлар ҳамда ажратилган маблағ доирасида чора-тадбирлар белгиланиб, тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, кўп қаватли уй-жой фондини мавсумга тайёрлаш учун турли манбалар ҳамда бошқарув сервис компаниялари маблағлари ҳисобидан 364 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 185 тасида ишлар ниҳоясига етказилган. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари –тиббиёт муассасаларининг режадаги 6 тасидан (2 таси мукаммал, 3 таси жорий) биттасидагина таъмирлаш ишлари якунига етказилган.

Ҳолатни вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари аслида таъмирлаш ишлари якунига етказилган объектлар анчагина кўплиги, маълумотга эса далолатнома асосида қабул қилинганларигина киритилганлиги билан изоҳлади.

Тадбирда шунингдек, мавсумга тайёргарлик жараёнлари даврида вилоят бўйича қанча суюлтирилган газ, кўмир захиралари яратиш ҳамда ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш борасидаги маълумотлар очиқланди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзлари кундалик ҳаётда кўп бор кузатаётган масалалар, хусусан, “Дўстлик байроғи” газетаси вакили кўп қаватли уйларда иссиқ сув жўмраги очилганда дастлаб (тахминан 5-6 минут давомида) совуқ сув келиши, ваҳоланки, ундан оққан сувни ҳисоблагич иссиқ сув ҳисобига киритиб, истеъмолчи шу асосда пул тўлаши қанчалик адолатли эканлигига изоҳ сўради.

— Биз таъминотчи корхонадан иссиқ сувни белгиланган меъёрлар даражасида қабул қиламиз, — дейди вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК директори Бекзод Улуғназаров. — Лекин бизда система шундайки, фойдаланилмаса, қувурлардаги сув совиб қолади. Музкур муаммони бартараф этиш учун биргина Навоий шаҳридаги 462 километрлик иссиқ сув таъминоти қувурлари ёнидан яна икки қатор қувур тортиш лозим. Шунда совиган сув таъминотчига қайтиб туриши, айланиши таъминланади.  

Тадбирда мутасаддилари ўзларини узоқ йиллардан буён қийнаётган масалалар юзасидан журналистлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдиришди.

— Кейинги пайтларда канализация тармоқларига турли тагликлар ташлаш, кўпқаватли уйлардаги лифтларнинг сенсорли бошқарувини синдириш, маиший чиқиндиларни балкондан улоқтириш, қишлоқ жойларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида ўрнатилган стеллалардаги қишлоқ номи ёзувини синдириб, ичидаги лед лампаларни олиш каби ҳолатлар кўп учрамоқда, — деди вилоят Қурилиш ва уй-жойкоммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нуриддин Жуманиёзов. – Албатта, бу фуқароларимизда коммунал истеъмолчи маданияти етишмаслигининг оқибати. Бу борада ҳамкорлигимизни янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Анжуманда журналистларнинг мавзу билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб берилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер