Жомбойда бодомчилик ривожлантирилади
Жомбой туманида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, Хитойпоён маҳалласида «Жомбой агро старт» масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий бодом боғига асос солинди.
Мазкур лойиҳа доирасида 25 гектар майдонда барпо этилаётган боғнинг умумий қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади. Ҳудудда 13 минг 700 туп бодом кўчати экилиши режалаштирилган бўлиб, бу ерда нафақат боғ, балки маҳаллийлаштирилган кўчатхона ва замонавий иссиқхона ҳам ташкил этилади. Натижада 15 та янги иш ўрни яратилади.
Шу ўринда айтиш керакки, «Жомбой агро старт» масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг 10 та маҳалласида «Бодомчилик кўчаси» лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида 152 нафар томорқа ер эгалари учун 3 минг 130 туп кўчат етказиб берилиши белгиланган. Сариқипчоқ маҳалласида эса 18 та деҳқон хўжалигининг 5 гектардан ортиқ ер майдонида боғ ташкил этиш мақсадида 2 минг 250 туп кўчат етказиб берилди.

— Қорамўйин маҳалласида 2 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилмоқда, — дейди туман ҳокими ўринбосари Самад Саидов. — Ушбу лойиҳа доирасида кўчатчиликни ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш йўлга қўйилиб, йилига 120 мингдан ортиқ кўчат етиштириш имконияти яратилади.
Ҳудудда бундан ҳам кенг кўламли агросаноат мажмуасини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Қиймати 16 миллиард сўм бўлган ушбу мажмуада ихтисослаштирилган офис биноси, «томорқа мактаби», таъминот ва сотув маркази, агрохизматлар кўрсатиш тизими, транспорт-логистика маркази, 200 тонналик музлаткич, шунингдек, маҳсулотларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари қурилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, «Саг агро» ва «Оҳалик олтин боғи» масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда 165 гектар майдонда 82,5 минг туп бодом кўчати экилиши кўзда тутилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жорий йилда «Жомбой агро старт» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 25 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилади. Шундан 9,5 миллиард сўмлик 8 та лойиҳа айнан туман ҳудудида ҳаётга татбиқ этилади. Жумладан, Полвонариқ маҳалласида 4 та, Аҳмаджон Қурбонов ва Сариқипчоқ маҳаллаларида 2 тадан бодом плантациялари ташкил этилади.
Шунингдек, 450 нафар томорқа ер эгалари 9 минг туп бодом, писта ва ёнғоқ кўчатлари билан таъминланади. Жорий йилда 60 гектар бодом ва 10 гектар писта плантациялари барпо этилиши режалаштирилган. Шу асосда тумандаги 18 та маҳалла маълум турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади. Амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар натижасида 450 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, ҳудудда аграр соҳанинг барқарор ривожига мустаҳкам замин яратилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг