Жомбойда 7 минг тоннадан ортиқ мева маҳсулотлари экспортга чиқарилди
Бугунги кунда Жомбой тумандаги мавжуд 19 минг 650 гектар суғориладиган ер майдонларининг 11 минг 235 гектарида бошоқли дон экинлари,1 минг 203 гектар ерда пахта, 3 минг 331 гектарида сабзавот, 170 гектарида картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари парваришланмоқда.
— 2020 йил давомида 78 минг 870 тонна ғалла, 92 минг 283 тонна сабзавот, 26 минг 601 тонна картошка, 1 минг 230 тонна полиз маҳсулотлари етиштирилди, — дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акбар Икромов. — Шунингдек, мавжуд 3 минг 502 гектар ердаги боғдан 28 минг 944 тонна сифатли ҳосил йиғиштириб олинган бўлиб, 7 минг тоннадан ортиқ мева маҳсулотлари экспортга чиқарилди.

Жомбой туманидаги «Бешбола агро ВEК» фермер хўжалигига қарашли 308 гектар майдонда айни кунларда тўқсонбости экинлари парвариш қилинмоқда. Бу ерда етиштирилаётган карам, гулкарам, порей пиёзи ва кўкатларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Ҳосилдор навлар экилгани боис қиш ва баҳор ойларида ҳам маҳсулот олиш имкони мавжуд. 20 гектар майдонга экилган гулкарам ҳосил беришни бошлаган.
Айни кунларда қовоқча, ошқовоқ, булғор қалампири, кўкат етиштириш учун 25 гектар ер майдони тайёрланяпти.
Ҳозирда хўжаликда порей пиёзини парвариш қилиш ишлари бошлаб юборилган. Бу пиёз нави Канада, Германия, Хитой каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Порей пиёзини сотиб олиш учун Қозоғистон, Россия ва АҚШлик тадбиркорлар ҳам қизиқиш билдирган.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг