Жиззахдаги сел оқибатлари бартараф этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Жорий йилнинг 20 апрель куни Жиззах вилоятининг Фориш, Бахмал, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кучли ёғингарчилик натижасида сел келди, кўплаб хонадонлар, чорва моллари, экинлар, савдо ва маиший объектлар, йўллар ва аҳоли инфратузилмаларига жиддий зиён етди, инсонлар ўлимига ҳам сабабчи бўлди.
Талофат кўрган ҳудудлардан энг каттаси Фориш туманининг «Эгизбулоқ» маҳалласи бўлди. Маҳалланинг юқори тоғли ҳудудидаги бешта сойлардаги сувлар бирлашиб, кучли сел оқимини ҳосил қилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, тоғли ҳудудлар ва адирликларда кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида содир бўлган сел оқими маҳалланинг 260 та хўжалик ҳудудидан оқиб ўтиб, 53 тасига тўлиқ зарар етказган, шундан 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талофат кўрган. Сел оқими кучайиши натижасида 15-сонли умумтаълим мактаби ва 9-сонли мактабгача таълим муассасаларининг биринчи қаватигача сув кириб борган. 1,5 километрдан зиёд ички йўлларни сел қоплаши натижасида транспорт қатнови вақтинча тўхтатилган. 25 та хонадонда яшовчи юз нафардан зиёд аҳоли вақтинчалик қариндошлариникига кўчирилган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобича, бундай сел оқими ҳудудда 80 йиллар олдин кузатилган.

Шу куни Бахмал туманининг «Нурафшон» маҳалласи ҳудудида ҳам сел тошқини содир бўлди. Натижада 50 га яқин аҳоли хонадонининг ертўласи, ҳовлиси сувга тўлди, экин майдонларга жиддий зарар етди. Аҳоли яқин қариндошлариникидан паноҳ топди.
Шунингдек, Ғаллаорол туманининг «Жийдали», «Коризқудуқ», «Кўкгумбаз», «Хонимқўрғон», «Қашқабулоқ» ва «Оқтош» қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ҳам сел оқими кузатилди. «Молтоб» ҚФЙ ҳудудидаги 8 та уй ҳовлисига, қўшимча биноларига ва томорқасига зарар етказди.
Жиззах шаҳри ва туманларидан аҳоли, тадбиркорлар сельдан зарар етган ҳудудларда яшовчилар учун озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, қурилиш материаллари ва бошқа кундалик зарурий маҳсулотлар етказиб беришмоқда.
Айни пайтда «Эгизбулоқ»да сел оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошчилигида штаб тузилиб, фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари, ҳарбий хизматчилар, вилоят ва туманлардаги ташкилотлардан кўнгиллилар талофат оқибатларини бартараф этмоқда.
Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг