Жиззахда газ ҳисоблагичга таъсир ўтказиш бўйича ноқонуний ҳолатлар фош этилди
Жиззах вилоятида газ ҳисоблагичга таъсир ўтказиш бўйича бир нечта ноқонуний ҳолат аниқланди. Бу ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабар берди.
Унда айтилишича, «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан ўрганишлар жараёнида бир-бирига ўхшаш бир нечта қоидабузарликлар фош этилган. Айрим истеъмолчилар электрон газ ҳисоблаш ускунасининг ички паррак қисмини атайлаб синдириб, газ сарфини сунъий камайтиришга урингани маълум бўлган.
Хабарда айтилишича, бундай қонунбузарликлар истеъмол таҳлили орқали аниқланиб, илгари кўп газ ишлатган хонадонларда сарфнинг кескин камайиши мутахассислар эътиборини тортади.
Пахтакор тумани «Дўстлик» МФЙда юқоридаги ҳолат аниқланиб, 353 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Туманнинг «Ғалаба» ва «Пахтакор» МФЙларида ҳам электрон газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш ҳолатлари фош этилиб, қоидабузарлик бўйича мос равишда 417 млн ҳамда 579 млн сўм зарар қайта ҳисобланган.
Жиззах шаҳридаги умумий овқатланиш масканида аниқланган ноқонуний ҳолат бўйича 697 млн сўм жарима қўлланилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг