Жиззахда агромарафон бўлиб ўтди

15:32 06 Ноябрь 2021 Жамият
592 0

Фото: Халқ сўзи

Жиззахда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши ҳамкорлигида навқирон авлод вакилларини инновацион изланишларга жалб этиш, илғор фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ва улар учун янги имкониятлар эшигини очиш мақсадида агромарафон ташкил этилди. Унда 500 нафардан зиёд ёш фермерлар, тадбиркорликни йўлга қўйиш истагидаги йигит-қизлар иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар Шароф Рашидов туманида 4 гектар майдонда интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослашган “GOLD FISH AGRO” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, кўп қиррали корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг агромарафон қатнашчилари Зомин туманидаги “Agro Finans Leasing” боғига ташриф буюрди. Бу ерда юртимиздаги қишлоқ хўжалик соҳасида етакчи компаниялар раҳбарлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Соҳа мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришиш сирлари, тадбиркорликни йўлга қўйишда нималарга эътибор қаратиш ҳамда уни ривожлантиришда Интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш тўғрисида маълумотлар берилди.

— Тадбир давомида ёшларга ўз имкониятларидан келиб чиқиб аграр соҳада бизнесларини бошлаши ва ривожлантириши учун мотивация беришга ҳаракат қилдик, - дейди “Mevali” компанияси директори Мансур Раҳимов. — Биз ёш иштирокчилар билан суҳбат ва ўтказилган тренинглар давомида шунга амин бўлдикки, уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорликни йўлга қўйишга қизиқиши ва иштиёқлари баланд. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш ва тўғри йўл кўрсатиш керак. Бугунги агромарафон бу борада айни муддао бўлди, десак янглишмаймиз.

Толибжон ЭРГАШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер