Жиззах яшил воҳага айланмоқда
Бугун вилоятнинг қай бир гўшасига борманг, қўлида бел ва ниҳол тутган одамларни учратасиз. Президентимиз ташаббуси билан бошлаган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси Жиззахда шунчаки тадбир эмас, балки чинакам ҳашарга айланиб кетди. Нуронийлар дуоси, ёшлар ғайрати ва мутахассислар тажрибаси бирлашиб, вилоят боғ-роғлари ва адирлари яшил либосга бурканмоқда.
Жорий йилги мавсумда вилоят бўйича жами 5 миллион 912 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиши белгиланган. Бу шунчаки рақам эмас, бу келажакдаги тоза ҳаво, файзли салқин кўчалар ва тўкин дастурхон демакдир. Энг муҳими, «кўчатни қаердан топамиз, ниҳоллар қуриб қолмайдими?» деган хавотирга ўрин йўқ. Чунки, вилоятда аллақачон 3,2 миллион туп сифатли кўчатлар захираси яратилган.
— Биз кўчат экишда фақат сонга эмас, балки унинг ерга мослиги ва кейинги тақдирига ҳам алоҳида эътибор беряпмиз, — дейди Жиззах вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси шуъба мудири Қобил Мингбоев. — Захирамиздаги кўчатларнинг 2 миллион 108 мингтаси ўрмон хўжаликларида, 487 мингтаси кўчатчилик йўналишидаги фермер ва деҳқон хўжаликларида, 551 мингтаси аҳоли томорқалари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёрланди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, кейинги йилларда Зомин давлат ўрмон хўжалигида 600 гектар, Бахмал туман ўрмон хўжалигида 360 гектар сув бориши қийин бўлган тоғ ён бағирлари ва адирли майдонларга ёмғир ва қор сувларидан унумли фойдаланиш мақсадида «терасса» усулида кўчатлар қадалиб, янги ўрмонлар ташкил этилди. Бу ишлар тоғларимизнинг табиий гўзаллигини тиклаш билан бирга, тупроқ емирилишининг ҳам олдини олади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам йирик-йирик майдонларда мевали боғлар барпо этилмоқда. Бахмал туманида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари томонидан 200 гектардан ортиқ майдонда 230 мингдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари экилган бўлса, «Йўл кўкалам» давлат муассасаси томонидан Шароф Рашидов ва Пахтакор туманлари ҳудудидан ўтувчи автомобил йўллари бўйларида 200 минг тупдан ортиқ тез ўсувчи терак дарахти кўчатлари экилиб, «Яшил белбоғлар» барпо этилмоқда.
Фориш туманининг Айдар-Арнасой кўлига туташ бўлган чўл ҳудудларида 200 гектар майдонда «Яшил қопламалар» барпо этиш ишлари режалаштирилган. Айни пайтда вилоятимизда «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар қизғин давом этмоқда.
Толибжон ЭРГАШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг