Жиноятларга қандай барҳам берилди?
Қаерда хавфсизлик таъминланса, одамлар эртанги кунга ишонч билан қарайди, болалар бемалол мактабга бориши, тадбиркор эса ўз бизнесини кенгайтириш имкониятига эга бўлади. Акс ҳолда, жиноятчилик илдиз отган муҳитда нафақат иқтисодий, балки маънавий таназзул ҳам кузатилади. Шу боис давлат сиёсатида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳудудларни хавфсиз маконга айлантириш муҳим йўналишлардан бирига айланган.
Аммо инсон нима учун жиноятга қўл ургани ҳақида сўз борганда, бир сўз билан жавоб бериш қийин. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кўп ҳолларда бунинг ортида ижтимоий муаммолар ётади: ишсизлик, доимий даромад манбаининг йўқлиги, оилавий муаммолар, бефарқлик — барчаси инсонни нотўғри йўлга бошлаши мумкин. Баъзан эътиборнинг етишмаслиги, дардни эшитмаслик ҳам қалбда ишончни сўндириб қўяди. Шу нуқтаи назардан қаралганда, жиноятчиликка қарши кураш фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаслиги, балки унинг илдиз сабабларини бартараф этиш орқали олиб борилиши лозим.
Избоскан туманида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар шу тамойилни ҳаётга татбиқ этишнинг ёрқин ифодасига айланмоқда. Ўтган йили туман криминоген вазияти оғир ҳудудлар қаторида қайд этилган эди, бу эса мутасаддилар олдига катта вазифаларни қўйди. Қисқа вақт ичида вазиятни ўзгартириш осон эмас, аммо тизимли ёндашув орқали бунинг уддасидан чиқиш мумкинлиги амалда исботланди.
– Жорий йилнинг шу даврига қадар жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 32,2 фоизга камайди, – дейди туман ИИБ бошлиғи Муҳриддин Раҳмонов. – Бунинг ортида эса катта меҳнат, изчил ишлар ва энг муҳими — аҳоли билан мулоқот ётади. Масалан, “Тўрткўл” қишлоғи ҳудудини олайлик. Илгари бу ердаги 12 та маҳалланинг 4 таси “сариқ” тоифага киритилган эди — яъни жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган ҳудудлар. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон алоҳида ўрганилди. Мутасаддилар хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди. Одамлар дарди эшитилди, уларни қийнаётган муаммолар қайд этилди. Ана шу жараёнда аниқлашдики, кўплаб муаммоларнинг илдизида ишсизлик ва даромад манбаининг йўқлиги ётар экан. Шу боис асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилди. Жумладан, ижтимоий реестрда турган 1771 нафар хотин-қиз тўлиқ иш билан таъминланди. Бу нафақат уларнинг оилавий иқтисодий аҳволини яхшилади, балки жамиятдаги ижтимоий барқарорликни ҳам мустаҳкамлади.

Илгари хавотирли деб баҳоланган маҳаллаларда бугун жиноят содир этилмаётгани қайд этилмоқда. Бу эса “жиноятга қарши кураш аввало инсонга эътибордан бошланади” деган фикрнинг амалдаги тасдиғидир.
Избоскан тажрибаси яна бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: муаммони фақат оқибати билан эмас, сабаби билан ҳал этиш керак. Агар инсон иш билан банд бўлса ва даромади бўлса, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади. Бундай шароитда у жиноят йўлига киришни эмас, ҳалол меҳнат қилишни афзал кўради.
– Ички ишлар ходимлари хонадонимизга ташриф буюриб, шароитимиз билан танишди, – дейди “Истиқлол” МФЙда яшовчи Турғуной Каримова. –Ўғлим ҳеч қаерда ишламаслигини айтганимиздан сўнг, унинг имкониятлари ва хоҳишлари билан қизиқишди. Кейин мебел ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлаштирилди. Ҳозирда ойлик маоши яхши, рўзғоримиз бут!
Избосканда йўлга қўйилган бу тизимли ва инсонпарвар ёндашув нафақат бугунги натижаларни, балки эртанги барқарор тараққиётни ҳам таъминламоқда. Энг муҳими, бу тажриба тинчлик ва хавфсизликка эришиш тасодиф эмас, балки халқ билан елкадош бўлиб ишлаш, унинг дардини эшитиш ва муаммоларни жойида ҳал этиш орқали қўлга киритилишини яққол намоён этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг