Жиноятчиликни жиловлаш йўлида ҳали кўп ишлашимиз керак — полковник Миржамол Миралимов
Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар чоғида Ғиждувон тумани Дегразон маҳалласида яшовчи 55 ёшли фуқаро уйида бангихона ташкил этгани аниқланди. Когон шаҳридаги Амир Темур кўчасида истиқомат қилувчи икки фуқаро эса марихуана гиёҳвандлик воситасини тўрт миллион сўмга пулламоқчи бўлганида қўлга олинди.
— Вилоятда ўтган йил давомида бу каби гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш йўналишида 324 та ҳолат аниқланди, — дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ш. Жалолов. — Ходимларимиз томонидан жами 63 килограмм 368 грамм миқдорида гиёҳвандлик воситалари олинди.
Гиёҳванд кимса бу ботқоққа тушганида инсонийлик қиёфасини йўқотади. Ўзини бошқара олмайди. Ақл-идрокдан маҳрум бўлади. Оқибатда жиноятга қўл уради. Шу боисдан ҳам аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказиш, ўзимиз яшаб турган маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришга ҳисса қўшишимиз муҳимдир.
— Вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 153 таси яшил, 235 таси сариқ, 156 та маҳалла эса қизил тоифага ажратилган, — дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов 2023 йил якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида. — Ортда қолган 12 ой якунига кўра, 11 та маҳаллада криминоген вазият барқарорлашиб, улар “сариқ” тоифага ўтказилди. Лекин ҳали жиноятчиликни жиловлаш йўлида кўп иш қилишимиз керак.
Анжуманда 2023 йилда вилоят бўйича 5339 та жиноят қайд этилгани, уларнинг 64,8 фоизи олди олиниши мумкин бўлган жиноятлардан иборат экани ҳам шундан далолат беради.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик кенгаши аъзолари, бошқарма масъуллари иштирок этган тадбирда ҳар бир жиноят тури борасидаги аҳвол атрофлича таҳлил қилинди. Вилоят ҳудудида криминоген вазият ва жиноятчилик аҳволини барқарорлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берилди. Ўз навбатида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг